‘Gallup’: Америкаликларни энг кўп нима хавотирга солади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, энг аввало иқтисод ва ҳукумат. Кейин яна Эбола...

Сўровнинг ўзи эса, Америкада жойлашган нуфузли “Gallup” омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган.

Янги сўровнинг энг қизиқ ва аҳамиятли жиҳати: Эбола илк бор америкаликларни хавотирга солган 10 та асосий муаммодан бирига айланган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, сўров Эболани юқтирган илк Америка фуқароси Томас Эрик Дункан ҳаётдан кўз юмган ва у билан мулоқотда бўлган ўнлаб одамлар ҳануз карантин остида бўлган 12-15 октябр кунлари ўтказилган.

Аммо, шунда ҳам, Эбола америкаликларни жиддий ташвишга солиш борасида бошқа қатор масалаларга ета олмаган.

Янги сўров хулосаларидан аён бўлишича, Америка халқини энг аввало иқтисод, ҳукуматнинг қанчалик ўз ишини қойиллатаётгани ва ишсизлик энг кўп ўйлантиради.

Энди, энди давоси топила бошланган мудҳиш ва ҳалокатли Эбола хасталиги эса, бу рўйхатда еттинчи ўринда келган.

Аммо “Gallup” томонидан ўтказилган бошқа сўров ҳар беш Америка фуқаросидан биттаси Эболани юқтириб қўйишдан жиддий хавотирда эканига ҳам далолат қилган.

Яқинда Американинг Юқумли хасталикларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази томонидан Эболага қарши янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Социологларнинг умид қилишларича, агар, улар иш берса, америкаликларнинг Эбола билан боғлиқ хавотирлари ҳам арийди.

Аммо, бунинг тескариси бўладиган бўлса, натижаси ҳам шунга яраша бўлади.

Нью-Йоркда янги ҳодиса

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бугун олинган хабарлардан аён бўлишича, яқиндагина Гвинеядан қайтган америкалик шифокорнинг ҳам Эболага чалингани аниқланган.

Крейг Спенсер Нью-Йоркда Эбола юқтиргани аниқланган биринчи одам бўлган.

Шаҳарнинг аҳолиси 8 миллиондан ортиқ.

Аммо Нью-Йорк расмийлари одамларни ҳаддан зиёд хавотирга тушмасликка чақиришмоқда.

Ҳозирча, шифокор билан мулоқотда бўлган 4 киши аниқланган.

Масъулларга кўра, ҳозир унинг маъшуқаси ва икки дўсти карантинга олинган.

Ўзи эса, шифохонада иҳоталанган ҳолда ушлаб турилибди.

Унинг шифохонага тушиб қолишидан аввал Нью-Йорк шаҳар метросидан фойдалангани айтилмоқда.

Устига устак, спорт билан шуғулланиб, ташқарида югуришга ҳам улгурган.

Янги аниқланган ҳодиса билан ушбу мудҳиш хасталикни юқтирган америкаликлар сони тўрттага етган.

Эбола

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Эбола шу йил март ойида илк бор Ғарбий Африкада аниқланган.

Орада Либерия, Гвинея, Нигерия ва Сьерра-Леонеда эпидемия даражасига етган.

Шу пайтгача дунё бўйлаб Эболадан нобуд бўлган инсонларнинг сони беш мингга яқинлашган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти касаликка қарши икки хил эмдори синаб кўрилаётганини билдирган.

Ташкилот вакилларига кўра, синов натижалари шу йил охирига қадар якунланиб қолади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ироқдаги сўнгги вазият ва “Исломий Давлат” гуруҳи ҳам америкаликларнинг тинчини ўғирлаган ўнта асосий муаммодан бири экан.

Аммо, шунда ҳам, улар Эболага ета олмаган.

“Gallup”янги сўрови телефон суҳбатларига асосланган.

Унда Америка Қўшма Штатлари бўйлаб мингдан ортиқ дуч келган одамнинг фикри ўрганилган.

Аммо барча сўров иштирокчиларининг ёши 18 дан юқори бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ