Украинада парламент сайловларида овоз берилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украиналиклар муддатидан олдинги парламент сайловларида овоз бермоқдалар.

Президент Пётр Порошенко муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қабул қилар экан, бу сайловлардан кўзланган мақсад, Украинанинг россияпараст раҳбарияти ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин танланган мамлакатнинг янги йўналишини янада мустаҳкамлаш эканини айтган.

Шунингдек, овоз бериш куни кутилмаганда жаноб Порошенко россияпараст бўлгинчилар назоратидаги Донбасс ўлкасига сафар қилган.

Президент Порошенко Краматорск шаҳридаги овоз беришни кузатган.

Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг уч миллионча аҳолиси сайловда қатнмашмаяпти.

Бўлгинчилар ноябр ойида ўзларининг сайловини ўтказишга қарор қилганлар.

Россия шу йил март ойида аннексия қилган Қримда яшайдиган 1,8 миллион аҳоли ҳам овоз беришда иштирок этмаяптилар.

Украина расмийлари қримликларни Украина ҳудудига ўтиб овоз беришга чақирганлар.

Ушбу сайлов Украина юз тутган энергетика инқирози даврига тўғри келган.

Россия шу йил июн ойида Украинага газ таъминотини узиб қўйган, бунинг сабаби Украина фойдаланган гази учун ҳақини тўламагани экани айтилган.

Украина иқтисодига жиддий зарар етган, бу йилги Ялпи Ички маҳсулот пасайиши 7 ва 10 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Парламент сайловларидаги овоз беришни Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари кузатмоқдалар.

ОХҲТ кузатувчилари Россия ҳудудида ҳам сайловларни кузатмоқдалар, Москвада икки ва уч миллион атрофидаги Украина фуқароси овоз бериши кутилган.

Украина парламенти 450 ўринга эга.

Бу ўринларнинг ярми жами овозларнинг 5 фоиздан кўпини қўлга киритишга муваффақ бўлганлар партиялар ўртасида бўлинади.

213 парламент аъзосининг ўз округида энг кўп овозни тўплаган номзод бўлиши, Қрим, Донецк ва Луганск вилоятлари парламент аъзолари ўрни бўш қолишига қарор қилинган.

Украинада 35 миллиондан зиёд сайловчи рўйхатга олинган.

Сайловда 29 та партия иштирок этмоқда.

Жами 6000 дан ортиқ номзодни Украина Марказий Сайлов комиссияси рўйхатга олган.

Шу пайтгача Украина парламенти собиқ президент Виктор Янукович раҳбарлигидаги "Минтақалар партияси", боксчи Виталий Кличконинг "УДАР", собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг "Батковшина", "Озодлик" ва Коммунистик партиялари аъзоларидан таркиб топган эди.

Янги сайловда эса асосий курашчилар сифатида Президент Порошенконинг "Бирдамлик" ва Виталий Кличконинг "УДАР", бош вазир Арсений Яценюкнинг "Халқ жабҳаси", Олг Ляшко раҳбарлигидаги миллатчи "Радикал партия" ва Тимошенко хонимнинг "Батковшина" партиялари кўрилмоқда.

"Бирдамлик" ва "УДАР" бирлашиб "Порошенко блоки"ни ташкил қилганлар.

"Минтақалар партияси" сайловда қатнашмаяпти.

Деярли барча партиялар ўзларининг Оврўпо йўналишини танлаганлари ҳақида эълон қилганлар.