Украина: сайловнинг кутилган ва кутилмаган натижалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Киевда бўлган ўзбекистонлик мустақил журналистнинг ёзишича, аксарият украинлар сиёсатда янги одамларни кўришни истайдилар.

Украина парламенти учун сайловлар аҳоли қизиқишининг ўта сустлиги билан тарихий натижа қайд этган.

Марказий сайлов комиссияси сайловдаги иштирокни 52,42 фоиз баҳолаган.

Бу инқилобларга бой Украина сайловлари тарихидаги энг паст кўрсаткичдир.

Ҳозирда асосий эътибор коалицион ҳукумат тузишга қаратилган.

Сайловда мутлақ ғолиб йўқ, аммо парламентга ўтган партияларнинг деярли ҳаммаси Украинанинг келажагини Оврўпо таркибида кўради.

Президент Порошенкониннг "Порошенко Блоки" ва Бош вазир Яценюкнинг "Халқ жабҳаси" янги ҳукуматнинг ўзагини ташкил этадиган.

Бу борада амалдаги ҳукумат таркибида деярли ўзгаришлар кутилмаса керак.

Марказий сайлов комиссияси душанба куни 40 фоиздан ошиқ бюллетенларни ҳисоблаб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи twitter
Image caption Украина шарқидаги 3 миллион сайловчи овоз беришда қатнашмаган

Бу ҳисобга кўра, "Халқ жабҳаси" 21.64 фоиз билан "Порошенко Блоки"ни (21,47%) ортда қолдирган.

Сайловда кутилмаган кўрсаткични "Самопомощь" (11,13%) партияси қайд этган.

Бу кўрсаткич қайсидир маънода аҳолидаги парламент сайловларига нисбатан қизиқишнинг сустлигини ҳам изоҳлайди.

Асосан янги, ёш сиёсий лидерлардан иборат булган "Самопомощ" кўпчилик украинларни аввалги, собиқ ҳукуматларга алоқаси йўқлиги билан жалб этган.

Аксарият украинлар сиёсатда, ҳукуматда олигархлар қатламига яқин бўлмаган янги одамларни кўришни хоҳлашади, аммо бундай лидерлар, партиялар жуда кам.

Борлари ҳам ўзлари ҳақида баралла гапириш учун моддий имкониятга эга эмас, амалдаги реаллик, сиёсий блоклар билан муросани талаб этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Россия аннекция қилган Қрим учун парламентда ажратилан ўринлар бўш қолган

Шунинг учундир бу парламент сайловлари асосан ёшлар томонидан эътиборсиз қолдирилгандек туюлади.

Мамлакат Президенти Пётр Порошенко Киевда овоз берар экан, Оврўпо қадриятларига суянган янги парламент шаклланишидан умид қилаётганини айтди.

Кейинроқ, сайлов ҳудудлари ёпилиб, Exit Poll натижалари эълон қилиниши ортидан "Порошенко Блоки" нинг сайлов штабида чиқиш қилган Порошенко кутилган умидлар окланганини, Украина халқи Оврўпа қадриятлари учун овоз берганини айтди.

Дарҳақиқат шундай, сиртдан ("Мухолифлар Блоки"ни ҳисобга олмаганда 9,75% ) Украинанинг янги парламентида ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги кескин чегара йўқолгандай кўринади, аммо айрим экспертлар янги парламент ҳам муштлашувлардан холи бўлмаслигидан ҳозирданоқ огоҳлантиришмоқда.

Албатта, бу огоҳ Президент Порошенко айтаётган "Оврўпо йўли"да Украина юз тутган жиддий синовлар билан ҳам боғлиқ.

Бу мавзуда батафсилроқ