'Қатар "Исломий Давлат"ни дастаклаётгани йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қатар юқори мартабали расмийлари мамлакат Суриядаги "Исломий Давлат" каби экстремист гуруҳларни дастаклаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этишган.

Расмийларнинг Би-би-сига айтишларича, Қатар Марказий Жосуслик Агентлиги, бошқа Ғарб ва Араб махфий хизматлари билан ўзаро мувофиқлашган ҳолатда фақат мўътадил гуруҳларни қўллаб-қувватлайди.

Расмийларнинг қўшимча қилишларича, молиявий тизимларга қаттиқ назорат ўрнатилган.

Қатар расмийларининг изоҳлари Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ал Соний Буюк Британияга сафар қилиши олди янграган.

Ўтмишда Қатар ва донорлар Суриядаги қаттиққўл Исломий гуруҳларни молиялагани ва қурол-аслаҳа билан таъминлаганига ишонилади.

Айни пайтда Доҳа Ал-Қоиданинг бўлими ҳисобланган Ал-Нусра Жабҳаси билан алоқаларга эга экани ҳам айтилганди.

Ой бошларида қатор Британия парламенти аъзолари ўз мамлакатларининг Қатар билан яқин муносабатларини савол остига олишди.

Олдинроқ, Британиянинг йирик сармоядори - Қатар "Исломий Давлат"ни молиялашда қўли борлигига оид иддаолар ҳам янграганди.

Ўтган ҳафта Қўшма Штатлар Молия вазирлиги расмийси Девид Коҳен Қатар Қувайт билан бирга экстремист гуруҳларни даф қилиш йўлида етарли иш қилмаётганини айтиб чиқди.

Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги Қатардаги террорчи гуруҳларни молиялашда айблаб муайян шахсларга қарши жазо чоралари жорий этди.

Аммо, мамлакат Жосуслик хизмати директори Би-би-сига гапираркан, Қатарнинг Президент Ассад тузумига қарши курашаётган гуруҳларни дастаклаши билан боғлиқ яширадиган нарсаси йўқлигини айтди.

Қатар сентябр ойидан бери ИДга қарши Америка етакчилигидаги ҳарбий амалиётларни дастакламоқда.

Минтақадаги барча ҳужумлар ва кузатув амалиётлари Қўшма Штатлар Марказий штаби билан мувофиқлаштирилган тарзда олиб бориладиган "Ал Удеид" ҳаво базаси ҳам амирликда жойлашган.