Арман ва озарий раҳбарлари Тоғли Қорабоғ "музокараларини давом эттиради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Арманистон Президенти Серж Саргсян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Парижда душанба куни бўлиб ўтган музокараларда Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олганлар.

Бу ҳақида Арманистон давлат раҳбарининг матбуот котиби маълум қилди.

Музокаралар Франция Президенти Франсуа Олланд ташаббуси билан уюштирилган.

Матбуот баёнотида айтилишича, арман ва озарий раҳбарлари жаноб Олланд, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Миснк гуруҳи раислари ва ОХҲТнинг амалдаги раиси Анджей Каспршик билан учрашганлар.

Сўнгра Серж Саргсян ва Ильхам Алиев юзма-юз музокаралар ўтказганлар.

Иккала томон энг юқори даражада тинчлик музокараларини давом эттиришга келишганлар.

Олланд идораси Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари 2015 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Нью Йоркда учрашишга келишганини ҳам билдирди.

Тоғли Қорабоғда жанг 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаши ортидан келиб чиққан. Урушда 30 мингдан ортиқ одам ўлиши ортидан 1994 йилда ярашув эълон қилинганди.

Озарбайжон охирги йилларда ҳарбий сарф-харажатларини ошириб келмоқда ва бир неча бор Тоғли Қорабоғни куч билан қайтаришга таҳдид қилган.

Арманистон ҳам айни руҳдаги таҳдидларни изҳор қилган ва ўз арсеналини Россия қурол-яроғи билан бойитиб келади.