Австралиялик мусулмон:“Диним учун ёмон кўришади”

Image caption Ориф Хон Ҳусайн аксилислом ҳақоратлар остида қолган

Афғонистонлик собиқ қочқин Ориф Ҳусайн Хон Австралияда йигирма йилдан ортиқроқ умргузаронлик қилади.

Сентябр ойининг охирларида у Сиднейдаги паркларнинг бирида ҳордиқ чиқараётган пайти унинг йўлини ўрта ёш аёл тўсади.

"У жон-жаҳди билан бақирарди, кейинроқ мен унинг нима айтаётганларини тушундим”, дейди 26 яшар Ориф Ҳусайн Хон.

Аёл уни террорчи деб ҳақоратлар, Сурияга бориб экстремистлар қаторида урушга кир дея бақирар ва ирқини камситиб таҳдид қилар эди.

"Бу ҳақоратлар ҳеч тўхтамас эди, бу аёл менга ва мусулмонларга нисбатан ўлим таҳдидини бақир-чақир билан давом этишдан чарчамаётганди...”

"Мен қаттиқ хафа бўлдим. Мен худди яккаланиб қолган ва росмана австралиялик деган қолипга сиғмаётгандай ҳис қилардим ўзимни”, деб хотирлайди у.

Мусулмонларга қарши эҳтирослар жўш урмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Кимга қарши дўстлашмоқдалар?

Ориф Ҳусайн Хон бу ҳақоратлар ичида ёлғиз эмас... Фаолларга кўра, мамлакатда хавфсизлик борасида хавотирлар ортар экан, мусулмонларга қарши кайфиятлар ҳам урчиб бормоқда...

Ўтган ой Австралия бир неча кенг кўламли аксилтеррор амалларини ўтказди.

Бунгача гўё экстремистлар австралияликларга қарши ҳужум режалаётгани ҳақида хабарлар тарқалган ва бу хабарларнинг бир учи “Исломий Давлат”га бориб тақалган эди.

Аксилисломий ҳужумлар Мусулмон Ҳуқуқ Тармоғи томонидан рўйхатга олинмоқда.

Улар қаторида Австралия Муфтийсига қарши таҳдидлар ҳам бор.

"Сиднейлик онанинг бетига туфлашди, унинг фарзанди ётган аравачини тепишди...Бошқа бир воқеада, бир эркак Пертсда аёлнинг бошидан рўмолини юлиб олмоқчи бўлди...Бир неча

масжидларга таҳдид қилишди, тухумлар отишди ва чўчқа калласини хочга тиқиб ташлаб кетишди”, дейди ҳуқуқшунос ва мусулмон жамоасининг воизи Мариям Вейсзодаҳ.

Яқинда эса уч эркак Ку Клукс Клан, мотор арава бош кийими ва бурқа кийиб парламентга киришга ҳаракат қилди.

Мақсад бутун мамлакат бўйлаб аёлларнинг ҳижобини тақиқлашга эришиш эди.

Дам олиш кунлари эса Австралиядаги масжидлар барча қизиққанлар учун ўз эшикларини очиб қўйди.

Бу билан диний ҳамжиҳатлик ва бир-бирини яхшироқ тушуниш учун замин ҳозирлашга чоғландилар.

"Мусулмонлар анчайин қўрқиб қолишган шу кунлар, келажак нима бўлади деб хавотирга тушганлар... Бизга ҳаво етишмаётгандай шу кунлар”, дейди Лакемба масжидидан Шайх Весам Чоркарий.

Хуллас, кун бўйи Сиднейдаги энг йирик масжидга одамлар оқими тўхтамади.

Аксарият, шиалар ва суннийлар ўртасидаги фарқ ва исломий ҳижоб ҳақида сўрашарди.

Шунингдек, ёшларни қандай қилиб ақидапарастлар домидан сақлаб қолишга доир мубоҳасалар ҳам бўлиб ўтди.

Яқинда “Исломий Давлат” Сиднейлик ўсмир Абдулла Элмирнинг видеосини ошкор этди.

Бу эса австралиялик мусулмонларга яна босимни кучайтирди.

Энг ёмони, мана шу сиднейлик ўсмир уйидан қочиб, бу ақидапарастлар сафида қурол ўқталиб ўз ҳамшаҳарларига қарши таҳдид қилиши эди...

Тугуннинг ечими борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Исломий Давлат"ни Ислом дини билан чалкаштираётганлар сони ортмоқда

Канберрада эса ҳукумат мусулмонларни ўзларини яккаланган ва ё ташлаб қўйилган деб ҳис қилмаслиги керак деб айтмоқда.

Полиция ҳам бу муаммони ҳал қилиш йўлида ҳаракат қилаётганини урғуламоқда.

Полиция “бир неча кишиларни нафрат жинояти шубҳаси билан ҳибсга олишгани ва уларнинг иши маҳкамага оширилганини” маълум қилди.

Куинсландда 34 ёшли австралиялик мусулмонлар маркази деворларига ҳақоратли ёзувлар битгани учун қўлга олинган.

Аммо барча хавотирлар ва ишончсизлик орасида ҳамон умид бор.

Австралия жамияти бу каби таҳдидлар ва ҳақоратларга тоқат қилиб ўтирмаслигини ҳам кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқларда мусулмонларга нисбатан нафрат билан бир қаторда, уларни ҳақорат қилаётганларга қарши ҳиссиётлар аксланмоқда.

Мусулмон аёл ва қизига қарши ҳужум маҳали икки маҳаллий ёш уларнинг ёнини олгани учун маҳаллий имом томонидан олқишланди.

"Жамоатчилик орасида зиддият урчимоқда, бошқа томондан аксарият австралияликлар айнан ҳужум нишони бўлганларнинг ёнини олгани ҳақида хабарлар ҳам бор”, дейди Австралия Мусулмон Аёллари жамиятидан Силма Иҳрам.

Афғонистонлик собиқ қочқин Ориф Ҳусайн Хон ҳолатида ҳам шундай бўлди.

Бир австралиялик полицияга телефон қилди, бошқаси келиб ундан ҳол сўради, узр тилади.

"Аксарият австралияликлар тоқатбарор ва турфа фикрларга ҳурмат билан қарашади. Аммо кичик бир гуруҳ одатда мана шунақа бақир-чақир қилиб туради”, дейди Ориф Ҳусайн Хон.

Your contact details
Disclaimer