Италия президенти мафия маҳкама ишида кўрсатма беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Италия Президенти Жиоржио Наполитано Римда ўтаётган шов-шувли аксил-мафия маҳкама ишида кўрсатма бериши кутилади.

Прокурорлар 1990-йилларда ҳукм сурган қонли даврга якун ясаш учун вазирлар, полиция раҳбарлари ва мафия ўртасида эҳтимолий келишув бўлганини тергов қилишмоқда.

Терговга биноан, 1993 йилда юз берган портлашлар ортидан ҳукуматдаги расмийлар Мафиядан зўравонликни тўхтатишни сўраб, мафия аъзоларига юмшоқ жазоларни ваъда қилишган.

У вақтда Сицилияда юз ерган йирик портлашларда мафияга қарши курашаётган икки прокурор ҳалок бўлишганди.

Саксон тўққиз ёшли Президент Наполитано бу каби музокаралар бўлганидан бехабар бўлганини айтади.

Сешанба куни мазкур маҳкама иши Сицилия вилоятининг маркази Палермодан Римга ўтказилади. Президентнинг кўрсатмаси эса ёпиқ эшиклар ортида тингланади.

Президентнинг ўзи қандайдир қонунбузарликда иштирок этгани даъво қилинмаяпти.

Терговчилар машиналарга ўрнатилган бомбалар ва қотилликлар авж олган 1990-йиллардаги мафия зўравонликларини текширишмоқда.

Image caption Яқин йилларда Италияда қатор юқори даражали мафия раҳбарлари қамалди

Мухбиримизга кўра, прокурорлар мафия билан музокаралар ҳақида Президент Наполитанога яқин йилларда хабар берилган бўлиши мумкинлигига ишонишади ва президент айнан қандай маълумотга эга эканини билишмоқчи.

Ўтган йил октябрида у ҳакамларга мактуб йўллаб "ҳеч қандай фойдали маълумот"га эга эмаслигини айтган, бироқ агар зарур бўлса, кўрсатма беришга тайёрлигини изҳор қилган.

Ҳозирда собиқ Ички ишлар вазири Никола Манчино Рим, Флоренция ва Миландаги ҳужумлар ортидан мафия билан музокарага киришда айбланиб маҳкамага тортилган.

Жаноб Манчино айбларни рад этади.

Ўтган йили маҳкама Президент Наполитано ва жаноб Манчино ўртасидаги 2011 ва 2012 йиллардаги суҳбатлар ҳақида сўраш мумкин эмас дея қарор чиқарганди.

Хуфиёна ёзиб олинган бу телефон суҳбатлар Президент Наполитанонинг аризаси асосида йўқ қилинган.

Собиқ ички ишлар вазири қатор бошқа айбланувчилар, хусусан қамоқдаги икки мафия раҳбарлари Тото Риина ва Бернардо Провенцано билан биргаликда суд қилинмоқда.

Маҳкама камида икки йилдан сўнг ҳукм чиқариши кутилади.

Your contact details
Disclaimer