"Қатъий қонунлар билан гиёҳвандликни енгиб бўлмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Британия Ички Ишлар вазирлиги мамлакатдаги гиёҳвандликка қарши сиёсатни Оврўпонинг бошқа 13 мамлакатидаги сиёсатга қиёслаб, тадқиқот ўтказган.

Гиёҳванд моддаларни мутлақо тақиқловчи қонунлардан тортиб, бу амални жиноят эмас, дея ҳисобловчи усуллар ўрганиб чиқилгач, қатъий чекловлар у қадар самарали эмаслиги аниқланган.

Масалан, Португалияда 2001 йили гиёҳмандлик жиноят эмас, касаллик, дея талқин қилина бошлаганидан бери, гиёҳванд моддаларга берилганлар соғлиғида ижобий ўзгаришлар кузатилган.

Лекин, дейилади вазирлик ҳисоботида, бу натижаларни фақат муътодларни жиноятчи эмас, дея кўрилиши самараси, деб талқин қилиб бўлмайди.

'Ҳеч ким кўнгилли равишда гиёҳманд бўлишни танламайди'

Алекс гиёҳмандликдан даволанаётган лондонлик.

"Менинг оилам аъзоларининг аксари банги ва баъзилари шу туфайли оламдан ўтишган. Бу йил мен икки дўстимни дафн қилдим. Бу бир мутассил касалликка ўхшайди. Университетда бўлган вақтим, 18 ёшимдан наша чека бошлаганман. Кейин ҳарбий хизматга бориб, у ерда тўхтатдим. Лекин ўрнига ичишни бошладим. Ироқда хизмат қилдим. Бомба ҳужумига учрадим. У ердан қайтгач яна гиёҳванд моддаларга берилдим".

Алексга кўра, жорий қонунлар ҳеч бир кишини гиёҳмандликдан қайтара олмайди.

"Чунки бу қонунлар гўёки инсон учун бу йўлда танлов бордек қилиб кўрсатади. Ҳеч ким банги бўлишни ўзи истаб, танламайди".

Гиёмандликка қарши курашувчи Action on Addiction ташкилоти вакилининг айтишича, ҳисобот хулосалари бангиликка жиноят эмас, касаллик дея ёндошиш тўғрироқ эканлиги далилидир.

Унга кўра, гиёҳмандларни қамаш ечим эмас.

Португалия мисоли

1990 йилларда Португалияда гиёҳмандлик ўта кенг тус олганди. Аҳолининг ҳар 100 дан бир нафари героинга берилганди.

Ўшанда муаммога қарши курашда таклиф этилган йўлни кўплар қўлламадилар. Аксинча, ўнг қанот сиёсатчиларнинг аксари гиёҳмандларга қарши жиноий жавобгарликнинг бекор қилинишидан ҳайратга тушдилар.

Улар бангиларга ўз тобеликларига қарши курашиш учун қўллов ва тиббий ёрдам етказилиши ғоясига қарши эдилар.

Лекин ҳозирга келиб бу каби норози овозлар тинчиган.

Ўшандан бери ўтган 15 йил мобайнида мамлакатдаги бангилар сони ярмига қисқарди. ВИЧ, сариқ касаллиги ва шунга ўхшаш касалликларнинг тарқаш суръати ҳам пасайди.

"1990 йилларда биз Португалия бангилар учун жаннатга айланади, деб қўрққандик. Лекин янги сиёсат туфайли бу нарса рўй бермади", дейди мамлакат гиёҳмандликка қарши кураш Агентлиги раҳбари.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ