Қозон ҳибсхонасидан қочган 2 муҳожир 'ўласи қилиб калтакланди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Татаристон пойтахти Қозон шаҳри миграция хизмати муҳожирларни вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан қочган бир ўзбекистонлик ва бир тожикистонлик тутиб, ўласи қилиб калтаклашган.

Бу ҳақда Би-би-сига махсус ҳибсхонада сақланаётган муҳожирлардан бири маълум қилди.

Ҳодиса октябр ойининг илк ҳафтасида юз берган.

Қозон шаҳридаги махсус ҳибсхонада Россияда яшаш ва ишлаш тартибини бузган хорижий меҳнат муҳожирлари сақланади.

"Бу ерда инсон ҳақлари қўпол равишда бузилмоқда. Ўзбеклар маҳбусларнинг 60 фоизини, тожиклар эса 30 фоизини ташкил этади. Шароитлар қамоқхоналардан баттар, - дейди Би-би-си билан боғланишга муваффақ бўлган яна бир муҳожирлардан бири.

Унга кўра, муҳожирларни миллатига қараб "ноинсоний муносабатда бўлиш" кенг тарқалган.

"Менюдаги овқатлар фақат қоғозда бор холос. Ҳозир бизга худди хавфли жиноятчилардек қараб, ҳар бир хонага кузатув камералари ўрнатишяпти," - дейди яна бир муҳожир.

Унга кўра, махсус муассаса ташқариси "баланд деворлар билан ўралган, тиканли симлар тортилган, соқчи итлар қўйилган".

Таҳқирлашларга чидай олмаган Тожикистон фуқароси Имомали Аловиддинов ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан бўлган Маъруфжон Комилжонов 5 октябр куни эрталаб соат тўққизда ҳибсхонадан қочишга муваффақ бўлишади.

Аммо, улар ярим соат ўтмай махсус қидирув гуруҳи томонидан ушланади.

"Имомали ва Маъруфжонни ўласи қилиб уришди. Яланғоч ва кишанланган ҳолда бир неча сутка алоҳида хонада сақлашди," - дейди қийноқларни ўз кўзи билан кўрганини айтган муҳожирлардан бири.

Татаристон Миграция хизмати матбуот хизмати мазкур ҳодисанинг юз берганини тасдиқлади, бироқ қўшимча маълумотлар бера олмаслигини маълум қилди.

Муҳожирларга кўра, ҳозирда ушбу ҳибсхонада 180 нафар муҳожир бўлиб, уларнинг аксарини ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ташкил этади.

Ўзбек ва тожик муҳожирлари уларга "ҳеч қандай" ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмаслигини айтишади.

"Тожикистон ва Ўзбекистон элчихоналарига мурожаат қилган билан фойдаси йўқ, - дейди яқинда Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинган меҳнат муҳожири. - Аксинча, уйга қайтгач, ўлганни устига тепгандек, бошоғриқ бўлишади".

Чоршанба куни Москва полицияси ҳозирда Россия бўйлаб "Мигрант-2014" деб ном берилган амалиёт ўтказилаётганини маълум қилди.

Москва полициясига кўра, етти куни мобайнида 27 минг хориж фуқароси ҳуқуқ-тартибот идораларига етказилган.

Расмийларга кўра, бу тадбирдан кўзланган мақсад, Россиядаги ҳуқуқ-тартибот ва ижтимоий хавфсизлик вазиятини яхшилашдир.

Бундай "тозалаш" амалиётининг 23 октябрдан 2 ноябргача ўтказилиши режаланган.