Халифага...эҳтиёж борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Хаёлпарастми ва ё прагматик?

Июн ойида “Исломий Давлат” Сурия ва Ироқдаги ҳудудларни ўз бағрига олган минтақада халифалик ташкил қилинганини эълон қилди.

Абу Бакр ал Бағдодий ўзини халифа деб танитди.

Эдвард Стоуртон тарихга назар ташлайди ва халифалик нима ҳамда унинг “жозибали” томонларини таҳлил қилишга ҳаракат қилади.

“Исломий Давлат” раҳбари ўзини халифа деб эълон қилиши аксарият учун аввалига мисли кўрилмаган хаёлпарастликдай туюлди.

Абу Бакр ал Бағдодий эса унинг “Исломий Давлати” га қўшилиш барча мусулмонлар учун шарт бир амал эканини айтар экан, Яқин Шарқда айни даъватни мисли кўрилмаган нафрат билан қаршилашди.

Аммо ИДнинг қудратига паст назар билан қараш хатарлими?

Табиийки, “Исломий Давлат”нинг шафқатсиз амаллари аксарият мусулмонлар онгидаги халифалик тушунчасига том тескаридир.

Сўнгги халифалик Усмонлилар империяси эди.

Бундан тўқсон йил аввал бу халифалик барбод бўлди.

Шунда ҳам, 2006 йилда Gallup ўтказдан сўровнома Миср, Марокаш, Индонезия ва Покистонда яшайдиган мусулмонларнинг учдан икки қисми “барча мусулмон давлатларни бирлаштириб” янги халифалик барпо этилишини дастаклашларини маълум қилди.

Нима учун бу қадар кўп мусулмонлар зоҳиран имконсиз бир ишни орзу қиладилар?

Тарих сабоқлари

Image caption Мўғулларнинг ИДчасига шафқатсиз истилоси

Бу саволга жавоб халифалик тарихи қаърига беркингандир.

Арабча “халифа” сўзининг маъноси “меросхўр” ва “вакил”га яқинроқдир.

Қуръонда халифалик адолатли ҳукумат билан уйғун тасвирланади.

Одам Ато, Довуд ва Сулаймон алайҳиссаломлар ер юзида Аллоҳнинг халифалари бўлишгани айтилади.

Муҳаммад Пайғамбар (САВ) 632 йилда вафот этиши билан унинг издошлари “Рашидунлар” ёки “Тўғри йўлдаги Халифалар” ўттиз йил ҳукмронлик қилишди.

Бу тўртовлон Реза Панкхўрстга кўра, омманинг дастаги билан тайинланган эди.

Унинг айтишича, айнан ўша даврда халифалик идеали шаклланган.

Яъни, “халқ танлаган...халқнинг дарди билан яшайдиган, Ислом қонунларини тадбиқ этадиган ва уларнинг бажарилиши учун масъул бўлган” бир шахс ва айниқса, бу шахснинг “қонундан

тепада эмаслиги” каби қадриятлар ўртага чиққан.

Шиа мусулмонлари эса тарихнинг бу каби талқинини рад этишади.

Уларга кўра, илк халифалар Муҳаммад Пайғамбарнинг (САВ) жияни бўлмиш Ҳазрати Алининг қудратига қарши бош кўтаришган.

Аммо бугун авторитар режимларда яшаётган мусулмонлар учун халифаларнинг халқ томонидан тайинланиши энг жозибали ғоялардан бири бўлиши мумкин.

Халифалик аксарият мусулмонларда ўзларининг тарихда қанчалар қудратли бўлишганини ҳам эслатади.

"Пайғамбар ўлимидан етмиш йил ўтгач Ислом дунёси Испания ва Марокашдан тортиб Марказий Осиё ва Покистонгача ёйилди. Йирик бир империя бунёд бўлди. Бу қудратга соҳиб ягона раҳбар эди”, дейди профессор Ҳю Кеннеди.

Исломнинг Олтин асрида Бағдодда аббосийлар адабиёт, мусиқа, тиббиёт, илм-фан ва математикани рағбатлантиришди.

Алҳол бу сулолалар шунақа катта бир ҳудудни эгаллашдики, алал-оқибат идора қилишда мушкулотлар юзага чиқди.

Халифалик ва қудрат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Сўнгги халифаликни барбод этган шахс

Қудрат бўлиниб борар экан, халифалик ғоясига ҳам дарз ета бошлади.

Халифалик иттифоқ ва бирликнинг рамзи эди.

Аммо орадан юз йил ўтиб икки халифалик ўртага чиқди.

Сунний илоҳиётчи Шайх Ризвон Муҳаммадга кўра, “...икки халифа ўзини Худонинг ердаги сояси деб эълон қилар экан, ўша давр мусулмонлари бунга прагматик ёндашишларига гувоҳ

бўламиз. Улар мусулмонлар манфаатларини бир эмас, икки халифа ҳимоя этиши мумкин деган қарашни қабул қилишди. Ислом уламолари ҳам буни эътироф этдилар”.

Аббосийлар халифалиги беш аср умр кўрди ва 1258 йилда шафқатсиз хотима топди.

Бағдодни мўғуллар истило қилар экан, сўнгги халифани гиламга ўрашди ва мўғул отлари остига ташлашди.

Бу қанчалар девоналик бўлмасин, ўша давр учун раҳбарларга кўрсатилган ҳурмат экани ва уларнинг қони тўкилмасдан қатл қилиниши кераклиги билан изоҳланади.

Шунда ҳам халифалик сақланиб қолди.

Аббосийлар сулоласи вакиллари Мисрда Мамлуклар томонидан халифаликка лойиқ кўрилдилар.

Мамлуклар даврида улар рамзий бир аҳамият касб этишарди.

16-асрнинг бошларида янги Исломий Салтанат бўй кўрсатди.

Усмонийлар халифалиги 400 йил қудратда бўлди.

Халифалик ниҳоят Мустафо Камол Отатурк томонидан яксон қилинди.

Ҳозирги Туркиянинг отаси деб танилган Отатурк Туркияни “эскиликдан” замонавийликка олиб чиқиш учун ҳам халифаликни барбод этиш керак деб ишонган эди.

1300 йил умр кўрган Ислом халифаликларининг мусулмон зиёлилари зеҳниятидаги ўрни беқиёс эди.

Лидс университетидан Салмон Сайидга кўра, мусулмон зиёлилари фундаментал саволларни ўртага отишди.

“Мусулмонлар исломий давлатда яшашлари керакми? Бу давлат қанақа бўлиши керак?”

Йигирманчи асрнинг ўрталарига келиб Миср раҳбари Жамол Абдул Носир бу саволларга “дунёвий “жавоб топгандай бўлди.

У панарабизм халифаликка муқобил эканини уқтирар ва 1950 йилларга келиб Миср ва Сурияни бирлаштирган “Бирлашган Араб Республика”сини ташкил қилди.

Аммо Исроил давлати ташкил этилиши билан Яқин Шарқда ҳамма нарса ўзгариб кетди.

Панарабизм Исроилнинг ҳарбий қудратига бардош беролмади.

Девона орзулар оғушидами ва ё...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Исломий Давлат" асосчилари буюк хаёлпарастларми?.. .

Реза Панкхўрст Ҳизбут Таҳрир аъзоси ва бу ташкилот халифаликни тиклашни ўз мақсади деб эълон қилган.

Унинг айтишича, халифалик ғоясининг тирилаётганига сабаб мусулмонлар ўзлари яшаётган сиёсий тузумдан рози эмаслар...

Яқин Шарқда Ҳизбут Таҳрирни хуш кўришмайди.

Бунга сабаб ҳам айни ташкилотнинг халифалик ғоясидир.

Панкхўрст тўрт йил Миср қамоқхонасида ўтириб чиқди.

Араб баҳорининг илк инқилоблари Тунис, Миср ва Ливияда кечар экан, Ғарбдагилар Яқин Шарқ келажаги демократия билан боғлиқ деган қарашга тобе бўлишди.

Кейин эса Мисрда демократик йўлда қудратга келган Мусулмон Биродарлари ҳукумати генерал Абдул Фатаҳ Сиси бошчилигида армия томонидан ағдариб ташланди.

Орадан кўп ўтмай “Исломий Давлат” даҳшатлари содир бўлди.

Сурия ва Ироқда фуқаролар уруши бошланди.

"Аксарият “Исломий Давлат”нинг пайдо бўлиши генерал Сисининг ҳукумат ағдариши билан бошланди деб ишонади”, дейди Салмон Сайид.

Аксарият сунний уламо халифаликнинг сиёсий бир лойиҳа эканини рад этади.

Шайх Ризвон Муҳаммадга кўра, халифатнинг калити руҳонийликдадир.

“ Исломий Давлат инсоннинг ўзида бошланиши керак ва бу инсоннинг заковати ва руҳида аксланиши лозим”, дейди у.

“Исломий Давлат”нинг зўравон халифалигини аксарият рад этади.

Аммо ИД тарихдаги халифаликка оид маълумотларни ўз мақсадлари йўлида моҳирона қўлламоқда.

Тарихчи Ҳю Кеннедига кўра, “Исломий Давлат”нинг қора рангдаги байроғи ва кийимлари 8 асрдаги Аббосийларникига монанддир.

“Исломий Давлат”нинг халифалик орзуси девоналарча ҳавойи бўлиши мумкин, аммо бу гуруҳ ўз асосларини ўтмишдаги ғоялар эмас, ҳаётий ҳақиқат бўлган воқеаларга қурмоқда...

Your contact details
Disclaimer