Муҳаббат бўсаси: ҳинд намойишчилар босимга қарши ўпишмоқчилар

Image caption Авваллари бўса тақиқланган Болливуд фильмлари бугунда ўзгарган

Ҳиндистоннинг Керала штатида якшанба кунига мўлжалланган "Муҳаббат бўсаси" намойиш тадбирига бориш учун Фейсбукдаги 5 минг одам хоҳиш билдирган.

Ўтган ой Кераладаги бир кафеда жуфтликлар ўпишганини кўрган ёш фаоллар гуруҳи кафега ҳужум қилиб, унинг деразали ва ичидаги жиҳозларни чилпарчин қилганлар.

Ҳукумат тепасидаги миллатчи BJP партиясига тегишли ёшлар кафеда "ноахлоқий амаллар" юз бергани учун бу жойни вайрон қилганларини билдиришган. Уларга кўра, полиция ҳеч қандай чора кўрмаганлиги туфайли, улар "қонун"ни ўз қўлларига олганлар.

Улар нафақат ўпишиш, балки қучоқлашиш ва қўл ушлашишга ҳам қаршилар.

Мазкур ҳодиса Ҳиндистондаги ахлоқ устидан назорат мавзусидаги қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Image caption Намойишчиларнинг мақсади эркинликни тарғиб қилишдир

2 ноябрда Кералада йиғилиб, ўпишиш чақириғи эса интернетда шов-шувларга сабаб бўлди. Фейсбук саҳифасига аъзо бўлганлар ўзлари ўпишаётган суратларни чоп эта бошлашган.

Протест бўса тадбирини уюштирган Раҳул Пасапалан "Йиғилиб бир-биримизни ўпмоқчимиз, қани, кўрайлик, бизга ҳужум қилишармикан", - дейди.

"Агар бир жуфтлик ўз муҳаббатини ўзаро бўса билан намойиш қилсалар, бунинг нимаси ёмон? Ёқмаса, қараманг", - дея қўшимча қилади у.

Раҳул Пасапаланга кўра Ҳиндистон замон ва янги авлод талабларига қараб ўзгариши керак.

BJP партияси мазкур намойиш ўтказилиши бартараф қилинишини сўраб маҳкамага мурожаат қилди, бироқ маҳкама мазкур тадбирнинг ҳеч қандай ноқонуний жиҳати йўқлиги туфайли унинг ўтказилишига изн берди.

Your contact details
Disclaimer