Кема фожиаси фазо туризми режаларини ортга сурди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Virgin Galactic SpaceShipTwo ракетоплани Калифорниядаги синов базасида ерга қулаган. Бу Virgin ширкати асосчиси Ричард Брансоннинг фазо туризмини йўлга қўйиш режалари доирасидаги илк учувчилик кема парвози эди.

Калифорния полицияси ҳодиса оқибатида бир учувчи ҳалок бўлгани, яна бири эса жароҳатланганини билдирди.

Фожиага гувоҳ бўлган сураткаш Кен Брауннинг айтишича, ракетоплан бачадон-учоғидан ажралишидан бир неча сония ўтиб портлаб кетган.

Полиция иккинчи учувчи жиддий жароҳатлар олганини айтмоқда. Иккала учувчи ҳам кеманинг лойиҳасини тузган ва уни қурган Scaled Composites ширкатига ишлаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Парвоз раҳбарларининг баёнотига биноан, кема ҳавога парвоз қилганида "жиддий носозлик"ка юз тутган. Вертолётдан олинган кадрларда Virgin логотипи билан саҳрода сочилиб ётган ракета парчалари кўринади.

Virgin Galactic SpaceShipTwo кемаси ҳавога каттароқ учоқ, яъни бачадон-учоққа ёпишган ҳолда кўтарилган, сўнгра ажралиб чиқиб ўз двигателини ёққан ва портлаб кетган.

White Knight 2 номли бачадон-учоқ соғ-омон ерга қўнишга муваффақ бўлди.

Мазкур кема бир неча ойдан сўнг ер орбитаси бўйлаб қилинадиган парвозга тайёрланаётганди. Илк фазо туристик кемасини яратишни истаган муҳандислар бу кеманинг муваффақиятига умид қилишганди.

Жастин Бибер, Аштон Кутчер ва Леонардо Ди Каприо каби машҳур шахслар айни дастур доирасида фазога саёҳат қилиш учун ҳар бири 150 минг доллар тўлаб қўйганлар.