Покистонда портлаш: камида 45 нафар инсон ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Вагаҳ чегара ўтиш нуқтасида ҳар куни минглаб томошабинлар ўнгида ҳарбий парад бўлиб ўтади

Покистон полицияси хабарига кўра, худкуш ҳужумчи томонидан содир этилгани ишонилган портлашда камида 45 нафар инсон ҳалок бўлган ва яна ўнлаб нафар инсон яраланган.

Портлаш шарқий Лаҳор шаҳри яқинида Вагаҳ номли Покистон ва Ҳиндистон чегара ўтиш нуқтасида юз берган.

Хабарларга кўра, ҳодиса кечки чегара паради сўнгида рўй берган.

Вагаҳ чегара нуқтасида ҳар оқшом минглаб томошабинлар ўнгида икки мамлакат чегарачилари парад ўтказишади.

Покистон полицияси ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

"Интиҳорий ҳужум бўлганга ўхшайди. Камида 45 нафар инсон ҳалок бўлган. Ўлганлар орасида икки ҳарбий зобит, аёллар ва болалар ҳам бор," - деб айтган Панжоб штати полициясининг бошлиғи Муштоқ Сухера.

Лаҳор полицияси бошлиғи худкушлик ҳужуми содир этилганини тасдиқлаган.

Ҳалок бўлганлар жасадлари ва ярадорлар яқин атрофдаги шифохоналарга олиб кетилмоқда.