Украина: бўлгинчилар сайлов ўтказишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPAANASTASIA VLASOVA

Украина шарқида россияпараст бўлгинчилар президент ва парламент сайловларини ўтказишмоқда.

Ғарб бу амални "ноқонуний" дея баҳолади.

Сайловлар бўлгинчилар республика дея эълон қилган икки минтақа - Донецк ва Луганск вилоятларида бўлиб ўтмоқда.

Украина, Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Россия дастаклаган ушбу сайловларни тан олмаслигини айтди.

Донецк ва Луганск вилоятлари, сентябр ойида Минск шаҳрида имзоланган оташкесимга келишувига мувофиқ, бўлгинчилар назоратига ўтган.

Исёнчилар раҳбарлари Луганск ва Донецк мустақил давлатлар бўлгани учун улардан Украина қонунларига риоя этиш талаб қилинмаслигини айтадилар.

Айнан шу важлар билан айирмачилар ўтган ҳафта Украинада бўлиб ўтган парламент сайловларида иштирок этмаган эдилар.

Бўлгинчиларга кўра, президент ва парламент сайловлари учун 3 миллион овоз бериш варақаси тайёрланган.

"Бу сайловлар биз учун муҳим. Чунки, улар бизга Киевдан янада узоқлашиш ва ҳокимиятни мустаҳкамлашга қонуний замина яратади," - деди Донецк сайлов комиссиясининг раиси, Роман Лягин.

Аммо Украина ҳукумати ва ғарб давлатларига кўра, Россия билан имзоланган келишувга мувофиқ, ушбу минтақаларда маҳаллий сайловлар декабр ойида бўлиб ўтиши керак.

"Биз Украина шарқида бўлгинчиларнинг якшанба куни ноқонуний "сайловлар"ни ўтказиш ниятидан афсусдамиз," - дея таъкидланади Оқ Уй жума куни чиқарган баёнотда.

Бироқ, Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, сайловлар Минск битимини бузаётгани йўқ.

Зеро, унинг таъкидлашича, битимда Украина жануби-ғарбида сайловларнинг "Украина қонунига мувофиқ эмас", балки "Украина қонунлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда" ўтказилиши таъкидланган.

Қуролли бўлгинчилар апрел ойида Донецк ва Луганск ҳокимият биноларини босиб олдилар.

Ўшандан буён ҳукумат армияси ва бўлгинчилар ўртасида юз берган жангларда камида 3,700 нафар инсон ҳалок бўлди.

Охирги кунларда минтақада Украина армияси ва айирмачилар ўртасида қуролли тўқнашувлар кучайди.

Жангларда жума кунидан буён камида 7 нафар Украина аскари ҳалок бўлгани хабар қилинади.