"Кобани фариштаси" ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи TWITTER

Ижтимоий тармоқлар орқали "Кобани фариштаси" ёки "Райҳона" номлари остида бир сурат тарқалди.

Курд жангчи қизининг бу сурати Исломий Давлатга қарши қаршилик ҳаракати рамзига айланди.

Ҳикояларга кўра, бу қиз юзга яқин Исломий Давлат жангчисини ҳалок қилган.

Аммо бир мавҳумлик бор: у одамлар ўйлаган инсон бўлмаслиги ҳам мумкин.

Дунё Сурия шимолидаги Кобани шаҳрини диққат билан кузатиб турибди.

У ердаги курд кучлари халқаро иттифоқнинг ҳаво ҳужумлари дастагида Исломий Давлатга қарши жанг қилмоқдалар.

Аммо, журналистлар бўлмагани туфайли, Кобанидаги жанглар ҳақида ҳикоя қилувчи тасвирларни топиш қийин.

Шундай эса-да, ижтимоий тармоқларда интернет қаҳрамонларига айланган жангчилар ҳақида талай ҳикоялар тарқалган.

Улар орасида, айниқса, "Райҳона" катта шуҳрат қозонди.

Минглаб инсонлар Twitter ва Facebook орқали "Кобани фариштаси" қаҳрамонликларини тасвирловчи ҳикояларни қўйишган.

Хўш, "Райҳона" сурати қаердан пайдо бўлди?

Ушбу сурат ижтимоий тармоқларда тарқалишидан бир ой олдин Кобани шаҳрида бўлиб ўтган бир маросимда олинган.

Швециялик Карл Дротт маросимда "Райҳона" билан қисқача суҳбат қилишга муваффақ бўлган ягона журналист бўлган.

Унинг айтишича, "Райҳона", профессионал ҳарбий эмас, балки Кобани қаршилик ҳаракатига кўнгилли бўлиб ёлланганлардан бири экан.

Шундай экан унинг 100 нафарга яқин Исломий Давлат жангчисини ўлдириши имконсиз, дейди швед журналисти.

"Мен билан суҳбатда у аввал Ҳалаб олийгоҳида ҳуқуқ бўлими талабаси бўлганини айтди. Аммо у, Исломий Давлат унинг отасини ўлдиргач, курд кучлари сафларига қўшилишга қарор қилади, - дейди Дротт. - Ўшандан кейин мен у билан учрашишга ҳаракат қилдим, аммо топа олмадим."

("Райҳона" исми курдлар орасида кенг тарқалмагани учун, афтидан, кейинчалик ўйлаб топилган.)

Журналист ва "Райҳона" суҳбатидан бир кун ўтиб, қизнинг сурати Кобанидаги курдларни қўллаб-қувватловчи "Бижи Курдистан" ("Яша Курдистон") блоги орқали тарқалди.

Бу сурат бир ой ўтиб, курдларнинг инглиз тилида нашр этилувчи Slemani Times газетаси орқали Twitter-да пайдо бўлгач, катта шуҳрат қозонди.

Ортидан ижтимоий тармоқларда бу қиз ҳақидаги ҳикоя ва афсоналар кўпая бошлади.

5 октябр куни қиз ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди.

Саудиялик @alfaisal_ragad твиттер фойдаланувчиси Исломий Давлат жангчиси "Райҳона"нинг бошини танасидан жудо қилганини маълум қилди.

10 октябрда эса @Kurdistan_Army номли фойдаланувчи "Райҳона"нинг илк сурати ва унинг танасидан жудо қилинган боши суратини ёнма-ён қўйиб, твиттер орқали тарқатди.

Аммо, "Райҳона" ҳақидаги миш-миш ва фаразлар тўхтамади.

Баъзилар унинг ўлганини даъво қилдилар.

13 октябрда эса "Райҳона"нинг яна бир суратини қўйишди (у ҳали ҳам тирик, деган маънода).

Ушбу хабар 5,500 нафар твиттер фойдаланувчи орқали қайта-қайта нашр этилди.

"Райҳона #Кобанеда юздан зиёд #ИШИД террочиларини ҳалок этди," - дея таъкидланади мазкур твиттерда.

Шундай қилиб, "Кобани фариштаси" яна "тирилди".

Сўнгги твиттер курдпараст ташвиқот бўлиши ҳам мумкин, аммо, ажабланарлиси шундаки, мазкур хабар курд фойдаланувчиси томонидан тарқатилгани йўқ.

Аксинча, унинг муаллифи Кашмирдаги ҳиндулар ҳуқуқлари учун курашаётганини айтган Ҳинд блоггери Паван Дурани эди.

У ўз твиттер ҳисоби орқали яна кўплаб курд жангчи аёлларининг суратларини тарқатди.

"Райҳона" ҳақидаги ҳикоя шу билан ниҳоя топгани йўқ.

"Кобани фариштаси" ҳақидаги хабарларни тарқатиш навбати энди ахборот агентликларига етди.

"У ўзининг малла сочи ва мовий кўзлари билан барчанинг диққатини ўзига жалб этди. Унинг ижтимоий тармоқларда кўплаб мухолислари бор, - дейди курд блоггери Рувайда Мустафо. - Ким билан учрашмайин унга ҳавас қилишини айтади, чунки у барча истаган қаҳрамон рамзига айланган. Аёллар ва эркаклар минтақада ваҳший кучга қарши курашмоқда."