Украина шарқидаги сайловларда бўлгинчилар ғалаба қозонди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотга кўра, Донецк ва Луганск вилоятларида бўлиб ўтган сайловларда фаоллик юқори даражада бўлган.

Вазирлик сайловлар "умуман олганда яхши ташкиллаштирилди," дея баҳолади.

Россия Ташқии ишлар вазирлиги айтишича, сайловлар янги ҳукуматларга минтақани идора этиш ваколатини беради.

Аммо Кремл бўлгинчиларни Киев ҳукумати билан диалогга киришга чақирган.

Кузатувчиларга кўра, сайловларнинг қандай натижа билан ниҳоя топиши ҳеч кимни шубҳага солгани йўқ.

Овоз бериш якунларидан аён бўлишича, Александр Захарченко ўзини Донецк Халқ Республикаси дея эълон қилган минтақа президентлиги сайловида ғолиб чиқди, Игорь Плотницкий эса қўшни Луганск вилоятида ғалаба қозонди.

Аммо, якшанба куни бўлиб ўтган сайловларни Қўшма Штатлар, Оврўпо Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар қоралаб чиқдилар.

Уларга кўра, сайловлар сентябр ойида Минскда имзоланган оташкесим шартномасига хилофдир ва минтақада зиддиятни янада кучайтириши мумкин.

Якшанба куни расмий Киев Москвани шарқий Украинага катта миқдорда қўшин ва оғир-қурол яроқ юборишда айблади.

Ғарблик журналистлар Донецк томон бораётган йирик ҳарбий колоннага гувоҳ бўлганлар.

Қўшма Штатлар Россияни Украина шарқида бўлиб ўтган овоз беришлардан Россия-Украина чегара ҳудудларига қўшин юбориш учун баҳона сифатида фойдаланмасликка чақирган.

Бу ҳақда Америка Хавфсизлик Кенгашининг вакили Марк Строх маълум қилган.