Россияда рус миллатчиларининг юришлари бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Халқ бирлиги" куни нишонланган сешанба куни Москвада рус миллатчиларининг икки алоҳида юриши бўлиб ўтган.

Биринчиси анъанавий "Рус марши", иккинчиси эса "Новороссия учун" кўп минг кишилик юриш.

Москва жануби-шарқидаги Люлинода ўтган бу йилги "Рус марши"да, унинг ташкилотчиларига кўра, 10 минг киши қатнашган.

Аммо намойишни кузатган Би-би-си мухбирига кўра, иштирокчилар сони минг кишидан сал кўпроқ бўлган, холос.

Москва шимоли-ғарбидаги Шукинода ўтган "Новороссия учун" юришида эса 5 минг киши иштирок этгани хабар қилинган.

Миллатчиларнинг юришлари Россиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.

Би-би-си мухбирларига кўра, бу йилги юришларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ҳам Украина шарқидаги "Халқ республикалари"ни қўллаб-қувватлаётганлар ва ҳам рус ва украин халқларининг бирдамлигини ёқлаётганлар иштирок этишган.

Ушбу юришларда "Рус кишилари учун озодлик ва адолат!", "Ҳокимият-рус халқига!" каби шиорлар кўтарилган.

Украина инқирози юзасидан рус миллатчилари орасидаги бўлиниш Москва расмийларининг жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ хавотирларига сабаб бўлган.

Юриш арафасида рус миллатчилари раҳбарларидан ва "Рус марши" ташкилотчиси Александр Поткин ирқий адоват қўзғатиш ва фирибгарликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Тарафдорлари унинг ҳибсга олиниши ортида сиёсий сабаблар турганини даъво қилишган.

Россияда "Халқ бирлиги куни" 2005 йилда таъсис қилинган.

Ундан мақсад Россияда яшовчи турли миллатларнинг бирдамлигини нишонлаш экани айтилган.

Аммо бу кун ҳар йили рус миллатчиларининг оммавий юришлари манзарасида ўтади.

Бу мавзуда батафсилроқ