Порошенко Донбасснинг мақомини бекор қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Порошенко "сохта сайловлар" Минск битимини хавф остига қўйганини айтган

Президент Порошенко Украинанинг бўлгинчи шарқидаги сайловлар ортидан юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг фавқулодда йиғинини чақирган.

Душанба куни телевидение орқали миллатга мурожаат қилган жаноб Порошенко россияпараст бўлгинчилар назорат қилаётган Донбасс минтақасига берилган махсус мақомни бекор қилиш масаласини кун тартибига қўйишини айтган.

У Донецк ва Луганск вилоятларида шанба куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнларини "сохта сайловлар" деб атаган.

Порошенкога кўра, "сайловлар" Минскда имзоланган тинчлик битимига зид ва ушбу битим шартларининг бажарилишини хавф остига қўйган.

Image caption Сайловларда бўлгинчилар раҳбарлари ғалаба қозонган

Битимга мувофиқ, Украина декабр ойида бу икки минтақада сайловларни ўтказиши керак эди.

Кремл россияпараст бўлгинчилар раҳбарлари ғалаба қозонган сайловларни қўллаб-қувватлаган.

Москва якшанба куни эълон қилинган баёнотида Донбасс минтақасининг Украинага тегишли экани ҳақида ҳеч нарса демаган.

Бўлгинчилар раҳбарлари сайловлар Минск битимига зид эмаслиги ва уларнинг натижаларини бекор қилиш имконсиз эканини айтишган.

Жазо чоралари

Ғарб сайловларни ноқонуний дея қоралаган.

АҚШ, БМТ ва Оврўпо Иттифоқига кўра, бўлгинчилар назорат қилиб турган ҳудудлардаги ноқонуний сайловлар Минскда эришилган келишувларни қўпол равишда бузган ва Украинадаги инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Оқ Уй Москвага қарши жазо чораларини кучайтириш билан таҳдид қилмоқда

Оқ Уй Москвага қарши янги жазо чоралари билан таҳдид қилган.

"Агар Москва Минскда ўз зиммасига олган мажбуриятларни бундан кейин ҳам бажармаса ва ўзининг беқарорлаштирувчи ва хатарли ҳаракатларини давом эттираверса, бунинг бадали ҳам ўсиб бораверади", -деб айтган АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши вакили Бернадетт Михэн.

Украина шарқида шу йил апрелидан буён 4 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Киев Москвани бўлгинчиларни қуроллантириш ва Украина шарқига мунтазам қўшинларни йўллашда айблайди, аммо Москва буни рад этади.

Бу мавзуда батафсилроқ