Шўравий толиб АҚШда маҳкамага тортилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистонда Толибон ҳаракати билан бир сафда жанг қилгани ишонилган собиқ Шўро аскари террорчиликка алоқадор айбловлар билан Америка маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган.

Ирек Илгиз Ҳамидуллиннинг 55 ёшларда экани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, собиқ Шўро аскари бўлган толиб жаъми 12 та айбловга юз тутади.

Уларнинг орасида Америка фуқаросини ўлдиришга уриниш, айблови ҳам бор.

Ирек Илгиз Ҳамидуллин 2009 йилда, афғон чегара қўшинлари ва АҚШ кучларига қарши уюштирилган ҳужум ортидан қўлга олинган.

Шу пайтгача, яъни ўтган беш йил давомида Кобулдаги америкаликлар томонидан юритилувчи Багром қамоқхонасида тутиб турилган.

Яқинда эса, унинг маҳкамага тортиш учун Америкага ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Ирек Илгиз Ҳамидуллин - Афғонистон тупроғида ҳибсга олиниб, АҚШда маҳкамага юз тутаётган биринчи жанггари маҳбус бўлади.

Унинг устидан илк маҳкама жараёни кеча сешанба куни Виржиния штатидаги Ричмонд федерал маҳкамасида бўлиб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, 19 саҳифали жиноят иши тафсилотларига таянилса, Ирек Илгиз Ҳамидуллин собиқ Шўро Қуролли кучлари зобити бўлган.

1970-80-йилларда Шўро аскарлари сафида Афғонистонда жанг қилган.

Шўро қўшинларининг сафарбарлиги ортидан эса, ортга қайтмай, Афғонистонда қолган.

Айни шу жиноят ишида ёзилишича, шундан сўнг Афғонистондаги уч исёнчи гуруҳга қўмондонлик қилган.

Улар билан биргаликда 2009 йилда Хост вилоятида афғон полиция қўшинлари ва АҚШ кучларига ҳужум қилган.

Ишонилишича, гумондор махсус қуроллар билан қуролланган исёнчиларга Америка қирувчи тикучарларини ўққа тутишга буйруқ берган. Ўзи ҳам Америка ҳарбийларига қарши пулемётлардан фойдаланиб келган.

Америкадан олинган хабарларга кўра, маҳбус илк маҳкама жараёнида деярли чурқ этиб оғиз очмаган.

Унинг навбатдаги маҳкама жараёни шу ҳафта жума кунига режаланган.

Ирек Илгиз Ҳамидуллин Афғонистонда Америка ҳарбийлари томонидан тутиб турилган 13 та маҳбусдан биттаси бўлади.

Расмий Вашингтон шу йил охиригача уларнинг барчасини Америкага ўтказмоқчи.

Худди шу пайтга бориб АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги жанговар амалиётлари ўз ниҳоясига етади.

Бу мавзуда батафсилроқ