Россия рублининг қадри рекорд даражага тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Марказий Банки рублнинг АҚШ долларига нисбатан қийматини 44,39 рубл, деб белгилади.

Россия рублининг тушиши сабаби сифатида Марказий банк томонидан миллий валюта курсини белгилаш сиёсатига киргизилган ўзгаришлар, дея айтилмоқда.

Марказий Банкнинг айтишича киритилган ўзгартиришлар рубл курси мослашувчанлигини кучайтириб, валюта бозоридаги талаб билан таклиф ўртасидаги мувозанатни ўрнатишга ва валюта чайқовчилигининг олдини олишга хизмат қилади.

Хабар берилишича, 2015 йил 1 январидан бошлаб Россия миллий валюта - рубл курсини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечмоқчи.

Марказий Банк раиси ўринбосари Ксения Юдаеванинг айтишича, рублнинг эркин бозорга чиқарилиши йўлида курсни белгилашнинг янги усуллари ишлаб чиқилмоқда. Лекин ҳозирча бу усуллар чайқовчиликнинг олдини олиш мақсадида ошкор этилмайди.

Юдаева хонимнинг айтишича, кўрилган чоралар натижасида шу ой охирига қадар рубл курси барқарорлашиши кутилмоқда.

Россия собиқ Иқтисод вазири Алексей Кудрин ҳам рублнинг келажаги ҳақида хушбин эканлиги, лекин айни вақтда нефт нархларининг янада тушиши ё-да янги жазо чоралари рубл қийматини янада заифроқ қилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмаслигини "Твиттер" орқали айтди.

Би-би-си рус хизматининг иқтисод масалалари бўйича таҳлилчиси Дмитрий Булиннинг айтишича, журналистлар орасида рублнинг янги рекорд даражада пастга тушиши деярли кундалик янгиликка айланган.

"Лекин рубл ҳақиқатан ҳам ҳар куни рекорд қўяётган бўлса, нима қилиш керак".

Рубл қиймати тушишининг икки сабаби бор.

Биринчиси - Марказий Банк миллий валютани қўллашни камайтираётганлиги, яъни бозорни ушлаб туриш учун кунига атиги 350 миллион доллардан кўп маблағ ташламаслигини эълон қилгани.

Агарда бутун октябр ойи мобайнида Марказий Банк рублни ушлаб туриш учун ўртача кунига 2 миллиард доллардан ташлаб турганлиги назарда тутилса, бу 350 миллион жуда кам албатта.

Иккинчи сабаб - ҳаммага маълум Россия иқтисодининг жорий аҳволи, март ойидан бери киритилган Ғарб жазо чоралари ва озиқ-овқат эмбаргосининг салбий таъсири мажмуидан иборат омиллар.

Ва яна бир омил жаҳон бозорида нефт нархининг тушиши, бунинг ортидан Россиянинг яна бир экспорт товари - табиий газга ҳам нархлар тушмоқда.

Буларнинг ҳаммаси рублга қарши "ўйнаётган" омиллардир.

Аввалроқ EurasiaNet.org интернет нашри Россия миллий пул бирлигининг кескин қадрсизланиши Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодига жиддий зарба берганлиги борасида таҳлил эълон қилганди.

Нашрнинг ёзишича, аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импортга қарам.

Россия рубли ортидан маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлаган, бу эса, ўз навбатида, кенг истеъмолдаги четдан келаётган маҳсулотлар нархларининг қимматлашувига сабаб бўлган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ