Қўшни Афғонистон президенти исмини ўзгартирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Расмий хабарларга кўра, янги афғон президенти “Аҳмадзай”дан воз кечиб, фақат Муҳаммад Ашраф Ғани бўлишга қарор қилган.

Шахсан ўзи томонидан имзоланган фармойиш орқали барча ҳукумат идоралари ва оммавий-ахборот воситаларидан ҳам ортиқ қавмий шарифини қўлламасликларини сўраган.

Бу ҳақда президентлик саройи матбуот хизмати билдирган.

Янги афғон раҳбари бу ҳақда ўтган ҳафта қарор қилган.

Ушбу қарорга мувофиқ, бундан кейин барча расмий ҳужжатларда ҳам Афғонистон янги президентининг исм-шарифи фақат Муҳаммад Ашраф Ғани, деб ёзилади.

“Аҳмадзай” қавми Афғонистондаги энг йирик паштун қавмларидан бири саналади.

Улар азал-азалдан асосан Афғонистоннинг жануби ва жануби-шарқида истиқомат қилиб келишади.

Аммо Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўзи пойтахт Кобул жанубида жойлашган шарқий Лўгар вилоятилик.

Одамлар, одатда, ўз жўғрофий келиб чиқишлари ва қавмий мансубликларини кўрсатиш учун ўз қавмлари номини исм-шарифлари билан бирга қўллаб келишган.

Президентлик саройи матбуот хизматининг билдиришича, жаноб Ғани энди фақат паспортида ёзилган исм-шарифидан фойдаланмоқчи.

Янги афғон раҳбарининг исм-шарифи билан боғлиқ масала шу йил сентябр ойида Британияда чоп этилувчи нуфузли “Гардиан” нашрининг эътиборидан ҳам четда қолмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Нашр Афғонистоннинг президенти бўлиш учун жаноб Ғани қандай қилиб уст-боши, исм-шарифини ўзгартиргани, қаҳва ичишдан воз кечиб, ҳатто, жаҳлни жиловлаш курсларига борганига оид хабарларга диққат қаратганди.

“Гардиан”нинг ўшанда ёзишича, шу йил бўлиб ўтган президентлик сайловлари арафасида рақиблари ва таҳлилчилар Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўзига бўлган ишончи, қатъияти ва бенуқсон иш этикасини етарлича баҳолай олишмаган.

Унинг ҳали президентлик сайловларидан бир неча йил аввал ўзининг норасмий тарғибот амалиётини бошлаб юборганига диққат қилишмаган.

Британ нашрининг ёзишича, Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларидан Афғонистон хавфсизлиги учун масъулиятни қабул қилиб олишга масъул шахс сифатида жаноб Ғани ўша йиллари бутун Афғонистон бўйлаб кўп сафар қилган, таниш-билишлар орттирган.

Ва айнан ўша пайтда биринчи бор ўзининг қавмий шарифи – Аҳмадзайни қўллашга ўтган.

Ғарбона либосларини эса, анънавий афғончасига алмаштирган.

Нутқига таъсир қилмаслиги учун, "сайлов стратегларининг маслаҳатлари билан ўзининг энг ёқтирган ичимликларидан бири бўлган қаҳвадан ҳам воз кечган".

“Гардиан” нашрининг ёзишича, 2009 йилги сайловлардаги муваффақиятсизлиги Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўзига бўлган ишончига заррача путур етказа олмаган.

“Йиллаб Афғонистон ва дунёнинг бошқа ерларида коррупция ва бошқарув, ислоҳотлар ва муваффақиятсизликлар, иқтисод ва сиёсат назариясини ўрганган жаноб Ғани мамлакатига кўп нарса бера олиши мумкин”, - деб ёзади нашр.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳали Афғонистон президентлик сайлови якуний натижалари эълон этилмасидан аввал қилинган бу каби башоратлар эса, аллақачон ўзини оқлай бошлаган кўринади.

Муҳаммад Ашраф Ғани бошқарувидан бор-йўғи бир ой ўтиб, АҚШ Президенти Барак Обама уни олқишларга кўмиб ташлаган бўлса, “Нью-Йорк Таймс” каби нашрлари янги афғон раҳбарининг ишлаш услубига “тарихий”, дея баҳо беришга ҳам улгурди.

Афғонистоннинг ўзида ўтказилган ва ўтган якшанба куни эълон қилинган янги сўров натижаларига таянилса эса, мамлакат аҳолисининг 84 фоизи янги президентнинг дастлабки фаолиятидан жуда ёки нисбатан қониқиш ҳосил қилишган.

Ярим йилга чўзилган сайлов бўҳрони ортидан сентябр ойи охирида қудратга келган Муҳаммад Ашраф Ғани ҳам янги ўзгаришларга қўл уришда куттириб ўтиргани йўқ.

Расмий Вашингтон билан узоқ кутилган муҳим хавфсизлик битимини зудлик билан имзолади.

Минглаб хорижий аскарларнинг афғон тупроғида яна камида икки йил қолишларига изн берувчи ушбу келишув эса, бутун минтақа тинчлиги учун муҳим.

Жаноб Ғани, бундан ташқари, полиция идоралари ва касалхоналар фаолиятини шахсан ўзи бориб текширишга тушди.

Афғонистонда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашга ваъда берди.

Аллақачон мамлакатдаги энг йирик Кобул хусусий банкининг касодга учраши билан боғлиқ жиноят ишини қайта очдирди.

Ишлаш тарзининг қанчалик камтарона экани билан одамларнинг эътиборига ҳам тушди.

Аммо худди шу манзарада янги миллий бирдамлик ҳукумати танқидчилари ўз танқид тиғларини қаратаётган соҳалар ҳам йўқ эмас.

Уларнинг айтишларича, янги афғон президенти энг аввало хавфсизлик масаласига етарлича эътибор қаратмаётир.

Бу мавзуда батафсилроқ