'Ал-Қоида' раҳбарини ким ўлдирганди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шу кунларда Америка Қўшма Штатларида худди шу савол атрофида баҳслар қизигандан-қизиб бормоқда.

Хўш, Усама бин Лодинни айнан ким ўлдирганди?:

Американинг "Денгиз мушуклари" деб аталувчи махсус кучлари сафида хизматини ўтаб бўлган ҳарбийлар 2011 йил "ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг уйига уюштирилган рейд ҳақида бир-бирига қарама-қарши гапларни айтишмоқда.

Ҳодиса Покистоннинг Абботобод шаҳрида юз берганди.

"Денгиз мушуклари"нинг 38 ёшли фахрийси Роберт О'Ниллнинг "Вашингтон Пост" газетасига берган суҳбатида айтишича, Усома бин Лодиннинг бошига шахсан ўзи ўқ узган.

Бироқ унинг айтган гаплари Абботобод рейди ҳақида китоб ёзган унинг бошқа сафдоши Мэтт Биссонет ҳикоясига зид келмоқда.

2011 йилнинг май ойида Покистон шимолидаги Абботободда жойлашган ҳовлига Американинг "Денгиз мушуклари" махсус кучлари жангчилари бостириб киришган ва "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Лодинни ўлдиришган эди.

Одатда бўлинмасининг амалиётлари махфий бўладиган "Денгиз мушуклари" ўз ишлари ҳақида сир сақлаш ваъдаларига содиқ қолишади ва амалиётлари тафсилоти кўпинча махфий қолади.

Бироқ бин Лодиннинг ўлдирилиши амалиётига боғлиқ рейд ҳақида аллақачон икки хил фараз илгари сурилаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2012 йили ҳарбий хизматдан истеъфога чиққан 38 ёшли Роберт О'Нил "Esquire" деб номланган журналга интервью берган, бироқ у Покистондаги амалиёт тафсилотини айтган бўлса-да, исми-шарифи эълон қилинмаган эди.

Лекин яқинда О'Нил телевидениега ҳам интервью берган, у ерда ҳам номи ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган, бу суҳбатнинг яқин кунларда эфирга узатилиши мўлжаллангани хабар қилинган.

Бу хабар эса, унинг сафдошларини ғазаблантирди. Улар аноним интервьюлар бераётган одам Роберт О'Нил, деб ветеранларнинг сайтида эълон қилиб юборишди.

О'Нил сўзларига кўра, ўзи ва яна бир сафдоши бин Лодин вилласининг тўртинчи қаватига зинапоя орқали бирга кўтарилишган.

Тўртинчи қаватдаги хонанинг эшигидан Усама бин Лодиннинг боши кўринган.

О'Нил айтишича, ундан олдин зинапоядан кўтарилаётган ва номи ҳали ҳам ошкор қилинмаётган жангчи бин Лодинга қарата ўқ узган.

Лекин ўқ бин Лодинга тегмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бунинг ортидан мен хонага кириб бордим ва Усама бин Лодиннинг бошига ўқ уздим, деб айтган Роберт О'Нил.

Бироқ Роберт О'Нилнинг бу сўзлари унинг бошқа бир сафдоши - Мэтт Биссонет 2012 йилда нашр қилган "Осон бўлмаган кун", деб номланган китобида ҳикоя қилинган тафсилотларга зид.

Биссонет китобида зинапоядан кўтарилиб бораётган биринчи жангчи бин Лодинни отиб ўлдирган, деб айтган.

Кеча Мэтт Биссонет Эн-би-си телеканалига интервью берган, мана шу бир-бирига тўғри келмааётган нуқта ҳақидаги саволга аниқ жавоб қайтармаган.

"Икки киши ҳар хил сабаблар туфайли воқеани икки хил ҳикоя қилаяпти. У нима деб айтган бўлса, бу унинг гаплари. Мен бунга тегинмоқчи эмасман", деб айтган Мэт Биссонет.

Биссонетнинг "Осон бўлмаган кун" китоби учун уни маҳкамага тортишган, унга қарши махфий сирни ошкор қилиш айблови илгари сурилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бунга қарамасдан, Биссонет яна бир китоб ёзган. "Қаҳрамон йўқ", деб номланган китоби яқинда нашр қилиниши кутилаяпти.

Пентагон Роберт О'Нил ҳикоясини тасдиқламаган ҳам, рад ҳам этмаган.

Бироқ Америка Мудофаа вазирлиги ўтган ҳафта "Денгиз мушуклари" бўлган ҳарбийларга мактуб йўллаган.

Бу мактубда сир сақлаш ваъдасига амал қилиш, бин Лодинга қарши рейд тафсилотини ошкор этмаслик сўралган.

Аммо айрим ҳарбийлар тунда уйнинг ичи қоронғу бўлгани ва шунинг учун Усама бин Лодинни ким ўлдиргани аниқ эмаслигини ҳам айтишган.

"Ал-Қоида" раҳбари ўлдирилганидан кейин унинг жасадини тикучарга солиб учиб кетишган, сўнг денгизга дафн қилганларини хабар қилишган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ