Россия ва АҚШ Украина масаласида мулоқотни давом эттирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Ташқи ишлар вазири ва АҚШ Давлат котиби Украинанинг шарқий чегараларида юз бераётган ҳодисалар юзасидан ахборот алмашишга келишишган.

Бу ҳақда Жон Керри россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Пекинда Осиё Осиё-Тинч уммони ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида учрашуви ортидан маълум қилган.

Аммо, куни кеча Украина ҳукумати Россия тарафдан 32 та танк ва 30та юк машинаси мамлакат шарқий чегарасини кесиб ўтганини айтганди.

Украина тарафининг даъво қилишича, юк машиналарида бўлгинчиларни дастаклаш учун қурол-яроғ ва жангчилар ноқонуний олиб ўтилган.

5 ноябр куни НАТО ҳам Украина билан чегарада Россия қўшинлари сони ортаётгани ва юк автомобиллари Украина тарафга ўтаётгани ҳақида хабар қилганди.

"Шунингдек, бизга Украина шарқида ҳали ҳамон Россия махсус кучлари ҳозир экани маълум", дейилганди НАТО баёнотида.

Россия Мудофаа вазирлиги эса, мазкур маълумотлар барчаси исботсиз эканини таъкидлайди.

"Украинадаги вазият борасида ўртамиздаги фарқлар сақланиб қолмоқда. Биз муайян ахборотларни алмашишга келишдик... Шу билан бирга, мулоқотларни давом эттирмоқчимиз", дейди АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

Россиянинг Украина ҳодисаларидаги роли учун жорий этиладиган янги жазо чоралари ҳақида гапираркан, Керри жаноблари ҳаммаси Москванинг қандай мавқени эгаллашига боғлиқ эканини айтган.

Жон Керрига кўра, "навбатдаги жазо чоралари"нинг қандай бўлишини Россия қабул қиладиган қарорлар белгилайди.

Женева келишуви

Лавров жанобларининг маълум қилишича, Москва ва Вашингтон Киевни Украина сиёсий инқирозни бартараф этиш бўйича Женева келишувига амал қилишга ундашади.

Украина, Россия, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги мазкур келишувда белгиланган вазифалардан бири Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласидир.

"Биз Жон Керри билан мазкур вазифа олдинги каби, эҳтимол, апрелдагига қараганда долзарброқ деган фикрга келдик... Биз Украина раҳбариятини ушбу мажбуриятни бажаришга киришишга кўндиришга уринамиз", дейди Россия Ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, Лавров Ғарбни инқирозни куч билан ечиш бўйича "ғояларга эрк бериб юбормаслик"ка чақирган ва Москва вазиятни сиёсий йўл билан ўнглашда ҳисса қўшишига ваъда берган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ