Афғонистон: қўшалоқ портлашда камида 10 полициячи ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистон полицияси хабар беришича, мамлакат шарқида юз берган икки портлашда камида 10 нафар полициячи ҳалок бўлди.

Лўғар вилояти полиция бош қароргоҳига интиҳорий ҳужумчи томонидан содир этилган ҳамлада етти нафар полиция зобити ўлдирилган.

Хабарларда таъкидланишича, ҳужумчи полиция либосида бўлган.

Яна уч нафар полиция ходими Нангарҳор вилоятидаги Жалолобод шаҳри яқинида масофадан туриб идора этилувчи бомба портлаши натижасида ҳалок бўлди.

Толибон иккала ҳужумни ҳам ўз зиммасига олди.

Аммо, душанба куни Кобулда уч нафар инсонни яралаган портлаш ортида ким тургани маълум эмас.

Бомба Кобул университети яқинидаги гулзорга ўрнатилган бўлган.

Айни пайтда Кобул расмийлари интиҳорий якшанба куни ҳужумчи қандай қилиб шаҳар полицияси бошлиғи идорасига кириб, у ерда юқори мартабали зобитни ўлдирганини ўрганмоқдалар.

Ҳужум пайтида Кобул полициясининг бошлиғи Зоҳир Зоҳир ўз идорасида бўлмаган, аммо ҳужумда бошқарма бошлиғи Ёсин Хон ҳалок этилган ва яна олти нафар полиция ходими жароҳат олган.

Ҳодиса пойтахтнинг энг қаттиқ қўриқланувчи идораларидан бирида юз берган.