Ҳиндистонда саккиз аёл стерилизация амалиётидан сўнг жон берган

Марказий Ҳиндистоннинг Чхаттисгарх штатида ҳукумат томонидан ташкил қилинган бичиш амалиётидан сўнг саккиз аёл ҳаётдан кўз юмган.

Яна 30 аёлда жарроҳлик амалиёти оғир кечган, бир қанча мижозларнинг аҳволи ўта хавотирли экани хабар қилинади.

Ўтган ҳафта Биласпур туманининг Пендари қишлоғилик 83 аёл ўзларида бачадон найчасини тикиш амалиётини ўтказишга ихтиёрий тарзда рози бўлганлар.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, шунча мижоз битта шифокор ва унинг ёрдамчиси томонидан жарроҳликдан ўтказилганлар.

Гувоҳларнинг билдиришича, бутун жараён атиги олти соатни ташкил қилган, яъни ҳар бир аёлга бор-йўғи беш дақиқадан кам вақт сарфланган.

Шифокорлар ўзларига билдирилган бу айбловларни рад қилишмоқда. Ҳукумат воқеа юзасидан текширув бошлаган. "Айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади", деб айтган Чхаттисгарх Соғлиқни сақлаш вазири Амар Агравал.

Биласпур тумани шифокорининг Би-би-сига билдиришича, аёлларнинг ўлим сабаблари ҳақида расмий ҳисобот чиқмай туриб гапириш қийин.

Бу Ҳиндистонда бичиш амалиётларининг биринчи бор муваффақиятсиз тугаши эмас.

2012 йилда Бихар штатида уч эркак ноқонуний жарроҳлик амалиёти қўллаганлари учун ҳибсга олинган.

Аниқ бўлишича, икки соат ичида 53 аёл бичилган. Шунингдек, амалиёт дала шароитида ва анестезия воситаларисиз ўтказилган. Тиббий амалиётлар ҳақини тўлашга қурби етмайдиган қашшоқ оила вакиллари бундай хавфли амалиётларга кўнишга мажбур бўладилар.

Бичиш жарроҳлиги оилани режалаштириш ва туғилишни камайтириш ҳукумат режасига асосан ўтказиб келинади. Ҳиндистон расмийлари ўн йиллар давомида аҳоли орасида кам фарзандлиликни тарғиб қилишади.

Демографларнинг ҳисоб-китобларига кўра, туғилиш ҳозирги суръатлар билан давом этар экан, 2030 йилга бориб Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойдан ўтиши мумкин.