Путин Афғонистон юзасидан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия президентининг огоҳлантиришича, хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан Афғонистондаги вазият осон бўлмайди.

Владимир Путинга кўра, Афғонистондаги воқеаларнинг бундан кейинги ривожи биргина халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини ўзига тортаётгани йўқ.

Унинг айтишича, Афғонистондаги вазият бутун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг диққат-марказида турибди.

Ўтган 13 йил давомида Афғонистонда ҳозир бўлган ўн минглаб хорижий аскарларнинг аксарияти эса, шу йил охиригача афғон тупроғини тарк этишади.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Ғарбнинг энг қудратли давлатлари ва Нато каби энг йирик ҳарбий иттифоқнинг ҳам қуролли ва ҳам дипломатик саъй-ҳаракатларига қарамай, афғон можароси ўзининг якуний ечимини топмаган.

Ҳам хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ва ҳам ярим йилга чўзилган Афғонистон президентлик сайлови билан боғлиқ бўҳрон аллақачон Афғонистон барқарорлигида ўз сўзини айтмай қолмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати сўнгги ойларда бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳужумлари сонини кескин оширишга муваффақ бўлган.

Жумладан, кеча душанба куни Афғонистон бирваракайига тўртта қонли ҳужумга саҳна бўлган, мавжуд вазият мамлакат парламент вакилларининг жиддий ташвишлари ва танқидларига ҳам сабаб бўлганди.

Ўз ўрнида, Толибон масъулиятни ўз зиммасига олган ҳалокатли қўшалоқ худкушлик ҳужуми Афғонистондаги вазият буткул назоратдан чиқиб кетдими, деган хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Худди шу ҳужумлар арафасида чиқиш қилган Россия Президенти Владимир Путин эса, агар лозим бўлса, мамлакати Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда кўмак беришга тайёр эканини айтган.

Россия раҳбари бу ҳақда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти парламент кенгашининг йиғини чоғида баён қилган.

Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядан ташкил топган ушбу ташкилотда Афғонистон кузатувчи мақомига эга.

Президент Путиннинг айтишича, хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги Афғонистонда террорчилар фаолиятининг кенгайиши ва бу, ўз навбатида, бутун минтақага таҳдид солиши мумкин.

Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги йилларда шундоқ Афғонистоннинг биқинида жойлашган Марказий Осиё давлатлари ҳам воқеаларнинг худди шу каби ривожидан ўз хавотирларини ошкора изҳор этиб келишади.

Худди шу манзарада Афғонистоннинг қатор Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий минтақаларида ҳам вазият янада ёмонлашган.

Жумладан, қўшни Туркманистон толибларнинг ҳужумлари хавотири остида ўзини қўшни Афғонистондан иҳоталашга киришган.

Яъни, минтақада ўз манбаларига эга айрим Ғарб нашрларига кўра, расмий Ашхобод ўз чегараларини мустаҳкамлаш учун ҳозир "мислсиз чоралар"га қўл урмоқда.

Ўз ўрнида, халқаро иттифоқ кучларининг катта сондаги сафарбарлиги ортидан, Афғонистондаги вазиятнинг қай йўсин тус олиши қолган минтақа давлатларини ҳам жиддий хавотирга солиб келади.

Афғонистонга бевосита қўшни Тожикистон қолиб, Қирғизистон ҳам ўз чегараларини мустаҳкамлаш ташвишида.

Ўзбекистон президенти ҳам куни-кеча айнан Туркманистонга қилган сафари чоғида бу хусусда яна бир бор ўз хавотирларини изҳор қилди.

Афғонистонда Ироқдаги жорий вазият такрорланиши мумкинлиги эҳтимоли хусусида ҳам сўз юритди.

Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши нафақат Марказий Осиё, балки ундан ташқарида ҳам хавфсизликка таҳдиднинг кучайишига олиб келишини айтди.

Президент Ислом Каримовга кўра, Афғонистонда юзага келадиган сиёсий бўшлиқни "ҳеч ким томонидан бошқарилмайдиган турли-туман бузғунчи ва террорчи кучлар" тўлдириши мумкин.

Россия ва Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Расмий Москва энг аввало Россия мусулмон аҳолиси орасида исломий экстремизмнинг кучайишидан хавотирда.

Россия ҳукумати, айниқса, мамлакат жанубидаги турли бўлгинчи гуруҳларни давлат барқарорлигига таҳдид, деб билади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, худди шу боис ҳам, расмий Кремль Афғонистонда ўз Исломий Амирлигига асос солган Толибон тузумини қулатишида 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларини қўшқўллаб дастаклаган.

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, Россия ҳамон ўз таъсир доирасида сақлаб қолишга уринаётган жанубий чегарасидаги минтақа давлатларида ҳам исломий экстремизм ва террорчиликнинг кучайиб боришидан хавотирда.

Чунки Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дохил худди шу ердан чиққан қатор исёнчи гуруҳлар Афғонистондаги Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” ва “Ҳаққоний” тармоғига ўхшаш гуруҳлар билан мустаҳкам алоқаларга эга.

Айни шу боис ҳам, Россия Натонинг шундоққина тумшуғи остидаги ҳарбий ҳозирлигини хуш кўрмаса-да, бунга тишини-тишига қўйиб, рози бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, расмий Кремль Афғонистонга яна толибларнинг қудратга қайтиши ва ёки Афғонистоннинг давлат сифатида таназзулга учрашини сира ҳам истамайди.

Россиянинг наздида бу каби ҳолат Афғонистонни яна бўлгинчи, террорчи ёки исломчи кучларнинг хавфсиз бошпанасига айлантиради.

Россия нима қилолади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Лекин, шунга қарамай, ўтган 13 йил давомида Россия Афғонистонга ўз ҳарбий қўшинларини юбормаган.

Фақат таъминот ишлари ва АҚШ билан ҳамкорликда Афғонистон хавфсизлик кучларини қуроллантириш ишларига бош қўшиб келган.

Афғонистонни қайта тиклаш ҳаракатларида молиявий жиҳатдан кўмак берган.

Орада Афғонистоннинг Шўролар давридан қолган 10 миллиард доллардан ошиқроқ қарзидан ҳам буткул воз кечган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Москва бундан буёғига ҳам Афғонистонга қўпроқ иқтисодий жиҳатдан кўмак беради, янги уй-жойлар, сув тўғонлари қурилиши ва Афғонистонда Шўролар ишғоли давридан қолган заводу корхоналарни қайта таъмирдан чиқариш ишларига кўпроқ эътибор қаратади.

Улар, ўз ўрнида, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан катта сондаги сафарбарлиги минтақада кучлар мувозанатининг ўзгаришига олиб келиши, бундан буёғига Россия ва Хитой ўз иқтисодий ёрдамлари билан Афғонистон масаласида якуний сўзни айтишга уринишларини тахмин этишади.

Афғонистон Россия-ю Хитой етакчи мақомга эга ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида ҳам кузатувчи мақомига эга.

Расмий Вашингтон ва Афғонистон янги миллий бирдамлик ҳукумати орасида яқинда имзоланган хавфсизлик битимига мувофиқ, бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан бор-йўғи 10 мингга яқин хорижий аскар ва уларга қарашли бир нечта ҳарбий база келаси икки йилгача афғон тупроғида қолиши мумкин бўлади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Толибон ҳаракати бу келишувни “риёкорлик” эканини айтиб, бутун Афғонистон бўйлаб ўз ҳужумларини кучайтириш билан огоҳлантирган.

Собиқ Шўролар Иттифоқи ҳам 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, Афғонистон бир неча йилга чўзилган қонли фуқаролар урушига ботган ва алал-оқибат буларнинг барчаси 1996 йилда қудратга толибларнинг келиши билан якун топганди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ