Жанубий Корея кемаси раҳбарига 36 йиллик қамоқ жазоси белгиланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2014 йил апрелида бортида 476 инсон билан чўккан ва 300 дан ортиқ инсонни ғарқ этган Жанубий Кореянинг “Севол” кемасининг сардори Ли Чжун Сок жиноий масъулиятсизлик оқибатида эҳтиётсизлик билан жиноят содир этишда айбдор деб топилган ва маҳкама уни 36 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Ҳалок бўлганларнинг аксари саёҳатга чиққан мактаб ўқувчилари бўлганлар.

“Севол” кемасининг чўкиши Жанубий Кореянинг яқин денгизчилик тарихидаги энг ҳалокатли ҳодиса бўлган.

Маҳкамага кема капитани билан бирга яна 14 экипаж аъзоси тортилди.

Қоралов томони Ли Чжун Сокка ўлим жазоси тайинланишини сўраган.

Бироқ маҳкама ҳукмига кўра, 69 ёшли Ли Чжун Сок фожеа учун тўғридан-тўғри жавобгар бўлмаган, унда кимнидир ўлдириш нияти бўлмаган.

Айблов томонига кўра, етарли сондаги қутқарув кемачалари борлигига қарамасдан, кема сардори йўловчиларга чўкаётган кемада қолишга буйруқ берган.

Чўкиш давом этаётган пайтда Ли Чжун Сок кемани тарк этаётгани тасвирга олинган.

Маҳкама пайти “Севол” сардори фикрлаш қобилияти ишдан чиққани, атрофида нималар юз бераётганини англай олмай қолганини айтган.

У кемани ташлаб кетгани учун кечирим сўраган.

Маҳкамада паромнинг Парк номли бош механигига 30 йиллик озодликдан маҳрум этиш ҳукми эълон қилинган.

У жароҳатланган икки экипаж аъзосига ёрдам кўрсатмаганликда айбдор деб топилган, оқибатда икки ҳамкасби ҳаётдан кўз юмган.

Бошқа экипаж аъзоларига ҳам 20 йилгача қамоқ жазолари тайинланган.

Аниқланишича, ҳалокат пайтида “Севол” кемасини экипажнинг етарли малакага эга бўлмаган аъзоси бошқараётган бўлган.

У кемани бирдан бургани оқибатида “Севол” ёнбошига қулаган, сўнг буткул ағдарилган.

Терговчилар хулосасига кўра, ҳалокатга бир неча омил сабаб бўлган.

Булар - паромнинг бошқаришни билмайдиган денгизчи томонидан бошқарилгани, талаб қилинадиганидан кўп юк ортилиб, оғирлашгани ҳамда кема конструкциясига ноқонуний ўзгартиришлар киритилганидир.

Бу мавзуда батафсилроқ