Хитойда 22 уйғур узоқ йилларга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хитойнинг давлат назоратидаги матбуоти хабар тарқатишича, Шинжонда 22 уйғур устидан ҳукм ўқилган.

Қашғар маҳкамаси айбдор деб топганлар орасида имомлар ҳам борлиги хабар қилинмоқда.

Хитойнинг уйғурларни айблаб эълон қиладиган маҳкама ва ҳукмлар халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинади, бу маҳкамаларда ҳатто ўлим жазосига ҳукм қилинган инсонларнинг чиндан-да айбдор экани исботлангани савол остига олинади.

Хитойнинг Синхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, 22 уйғур ноқонуний диний фаолият билан шуғулланишда айбланганлар.

Кашғар маҳкамасида ўтган жараёнда айбланувчиларга миллий низо қўзғаш, ижтимоий тартибни издан чиқариш ҳамда жинсий зўравонлик айбловлари қўйилган.

Маҳкамада бир неча имом жиноят содир этишда айбдор деб топилгани хабар қилинмоқда.

Уларга "яширин имомлар" деб ном берилган.

Улар расман бирор бир масжидга имом этиб тайинланмаган, бироқ ибодатларда намоз бошловчилари бўлганлар.

Ёки бошқалари масжиддаги имомлик вазифасидан четлатилганларидан кейин хам ибодатга етакчиликни давом эттираверганлари учун жавобгарликка тортилганлар.

22 кишига 5 йилдан 16 йилгача қамоқ жазолари тайинланган.

Хитойдаги айрим веб-сайтлар маҳкамага тортилган инсонларнинг фотосуратларини эълон қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Хитой ҳукумати уйғурларни терроризм, диний экстремизм, бўлгинчиликда айблайди.

Аммо хориждаги уйғур фаоллари Хитой ҳукуматини мусулмон уйғурларнинг диний, маданий хаётларига суқилиб кириб босимни давом эттиришда айблайдилар, бу эса, фаолларга кўра, уйғурларни ғазаблантириб, норозиликларга етакламоқда.

Ўтган ой Шинжондаги маҳкама ёзда 37 инсон ўлимига олиб келгани айтилган ҳукумат ва полиция идораларига ҳужумларда айбдор деб топиб 12 кишига ўлим жазоси тайинлаган, яна ўнлаб кишиларга узоқ йиллик қамоқ ҳукмлари эълон қилинган эди.