Озарбайжон Тоғли Қорабоғ устида учишни тақиқлади

Озарбайжон Ташқи Ишлар вазирлиги билдиришича, Арманистон ҳарбий учоқларининг Тоғли Қорабоғ ҳаво ҳудудида парвозлари тақиқланади.

Мурожаатга кўра, бундай ҳолат "Озарбайжонга нисбатан тажовуз ва ҳудудий дахл қилишнинг давом этиши"деб қаралади ва зудлик билан чоралар кўрилади.

Ушбу мурожаат Чоршанба куни Озарбайжон ҳарбийлари томонидан мамлакат ҳаво кенгликларини бузган Арманистон қуролли кучларига тегишли Ми-24 тикучари уриб туширилганидан кейин билдирилмоқда.

Маълумотларга биноан, тикучар қулаб тушиши натижасида уч киши ҳалок бўлган.

Тоғли Қорабоғ ҳарбий раҳбарияти тикучар ўзларига қарашли эканини тасдиқлаган. Арманистон Ташқи Ишлар вазирлиги Озарбайжон ҳарбийларининг ушбу ҳаракатларини қоралаган ва Тоғли Қорабоғ ҳарбий тикучари ўқув машқлари ўтказаётганини айтган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўз навбатида "Ми-24" ҳужумига нисбатан жавоб амали қайтарилганини уқтиради. Шунингдек, расмий Баку тикучар Тоғли Қорабоғга эмас Арманистонга тегишли эканини таъкидлайди.

Айни пайтда Оврўпонинг ташқи сиёсат бўйича идораси Тоғли Қорабоғ можароси томонларини босиқликка чақирмоқда.

"Томонлар муаммони ҳал қилишда босиқлик кўрсатиб, вазиятни ёмонлаштирадиган ҳар қандай ҳаракат ва мурожаатлардан сақланишлари жуда муҳим. Бундан ташқари, ушбу ҳодисани ҳар томонлама текширишга чақирамиз", дейилади ташкилот мурожаатда.

Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раиси Швецария ташқи ишлар вазири Диде Буркхалтер Тоғлиқ Қорабоғ тикучарининг Озарбайжон томонидан уриб туширилганидан чуқур хавотирини билдирган. У Озарбайжон ва Арманистон президентларини келгусида бундай ҳодисалар бўлишининг олдини олишга ва оташкесим шартларини ҳурмат қилишга чақиради.

Жаноб Буркхалтер шу йилнинг ўзида Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудида бир қанча зўравонликлар қурбонлар берилишига сабаб бўлганидан афсусланган.

Халқаро ташкилот бош котиби Ламберто Занньер ушбу ҳодисанинг оқибатларидан ва вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Оврўпо Иттифоқи шунингдек ОХҲТи Минск гуруҳининг ҳаракатларини қувватлаган.

Собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг узоқ давом этган можаронинг томонлари 1994 йил оташкесимга келишган бўлсаларда, таранглик шу кунгача давом этади ва тез тез қон тўкишлар содир бўлиб туради.

Арманлар кўпчиликни ташкил қилган Қорабоғ можароси 1988 йил феврал ойида кучайиб, Озарбайжон таркибидан чиқишни талаб қилишади. 1991 йилда Мустақил Тоғли Қорабоғ республикаси тузганларини эълон қилишади. Шундан кейин бошланиб кетган қонли воқеалар 1994 йилгача давом этган.Тоғли Қорабоғ ва Озарбайжоннинг етти тумани Қорабоғ арманлари назоратида қолган.

Озарбайжон ҳукумати Қорабоғни куч билан қайтариб олишга уринишлари бесамар кетган. Тоғли-Қорабоғ айни пайтда Бакудан мустақилликни сақлаб қолган бўлсада, халқаро миқёсда тан олинмаган. 1994 йилда отешкесим эълон қилинганидан бери ҳарбий тикучар биринчи бор уриб туширилган.

Чегарадаги ҳарбийлар ўртасида тез-тез содир бўладиган отишмаларда томонлар бир-бирларини айблаб келишади.