Россияга умуман демократия керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аксарият аҳолиси наздида Россияга демократия керак. Аммо соф ғарбонаси эмас.

Бунга “Левада” мустақил омма фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган янги сўров натижалари далолат қилмоқда.

Сўров иштирокчилари ярмига яқинининг фикрига кўра, Россияга мутлақ ўзига хос, мамлакатнинг миллий анъаналарига мос демократия лозим.

Аммо, таъкидлаш жоиз, сентябр ойида бундай фикрда бўлганларнинг сони Россия аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этган.

Лекин, шунда ҳам, янги сўров ўзига хос ва ўзига мос демократия истовчи россияликлар сони ҳалиям кўпчиликни ташкил этишини кўрсатган.

Худди шу манзарада мамлакат аҳолиси чорак фоизининг наздида демократик бошқарув услуби Россияга умуман тўғри келмайди.

Сўров иштирокчилари учдан бир қисмидан кўпроғи эса, ғирт ғарбона демократия Россия учун ҳалокатли, деган фикрда экан.

Худди шу сўров доирасида мамлакат аҳолисидан Россия ва Ғарб ўртасидаги алоқалар ҳеч самимий бўлиши мумкинми, деган савол ҳам сўралган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Янги сўров сентябр ойидагиси билан қиёсланганда, Россия аҳолисининг Ғарбга нисбатан муносабати анчайин ижобий томонга ўзгарганига далолат қилган.

Дейлик, бундан икки ой аввал Россия ва Ғарб орасидаги муносабатлар ҳар доим ишончсизликка асосланган, деган қарашда бўлганларнинг сони 64 фоизни ташкил этган.

Ноябр ойига келиб эса, бу кўрсаткичлар 38 фоизга тушиб қолган.

Янги сўров мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғи Россия ва Ғарб ҳақиқатан ҳам апоқ-чапоқ бўлиши мумкин, деб ўйлашларини кўрсатган.

Устига устак, ўтган икки ой ичида ғарбона ҳаёт тарзига ижобий муносабатда бўлганларнинг фоизи ҳам 34 дан 46 га чиққан.

Аммо, энг сўнггида таъкидлаш жоиз, шунда ҳам, Ғарбда яшаб, ишлашни буткул истамовчи россияликлар кўпчиликни ташкил қилган.

37 фоиз россиялик бунга буткул рўйхушлик бермаслигини айтган бўлса, қанийди, дегувчиларининг сони фақат 6 фоиздан иборат бўлган.

Ижобий фикрда бўлганларининг изоҳларига таянилса, уларни Ғарбдаги яшаш шарт-шароитлари кўпроқ ўзига жалб этаркан.

Янги сўров Россиянинг 46 минтақасида 1630 киши орасида олиб борилган.

Сўров иштирокчиларининг ёши 18 дан юқори бўлган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ