БМТ: "Исломий Давлат" уруш жиноятларини амалга оширмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Суриядаги "Ислом давлати" жангчилари ўз назорати остидаги ҳудудларда террор сиёсати олиб бормоқда, дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита ходимлари тайёрлаган ҳисоботда.

Бу Исломий Давлат усуллари бўйича дастлабки батафсил тадқиқот бўлиб, 300 дан ортиқ гувоҳ кўрсатмаларига, шунингдек, жангариларнинг ўзлари тарқатган фото ва видеоматериалларга асосланган.

Ҳисоботга кўра, "Ислом давлати" юқори даражада ташкиллаштирилган иерархик таркибга эга ва узоқни кўзлаган мақсадларга таянади.

Уларга эришиш учун, деб таъкидлайди БМТ кузатувчилари, Исломий Давлат ўз назоратига олган ҳудудларда ақл бовар қилмайдиган шафқатсиз усуллар билан аҳолига қаттиқ босим ўтказмоқда.

Хусусан, чекиш устида қўлга тушган эркаклар бармоқлари кесилган. Тақиқларга қарамасдан, эркак мижозларга хизмат қилишда давом этган аёл тиш шифокорнинг омма олдида боши олинган. Жангарилар нуқтаи назарига биноан кийинмаган аёллар қамчи билан саваланган, баъзида тошбўрон қилиб ўлдирилган.

Омма олдида қатллар одатий ишга айланиб қолгани келтирилади ҳисоботда. Қатл қилинганлар жасади одамлар кўриши учун майдонда атайлаб қолдирилган, танасидан ажратилган бошлар ёғочга тиқиб қўйилган.

БМТ ҳисоботида бу ҳаракатлар ҳарбий жиноятлар экани ва жазосиз қолмаслиги кераклиги таъкидланади.

Шу билан бирга ҳисоботда Суриядаги Исломий Давлат жангарилари орасида кўплаб хорижликлар борлиги, улар ижтимоий тармоқлардан ўз ғояси ва ҳаракатларини тарғиб қилишда фойдаланаётгани ҳақида ҳам сўз боради.

БМТ тадқиқотчилари халқаро ҳамжамият "Исломий Давлат" нинг қанчалик таҳдидли эканини баҳолай олмаётганини урғулайди. БМТ инсон ҳақлари қўмитаси ўз ҳисоботида Сурия можаросини сиёсий ҳал қилиш йўлини топишга қурби етмаслик жиҳодчиликнинг ривожланишига шароит яратди, деб ҳисоблайди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ