Камерон Путинни янги санкциялар ҳақида огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар Россия Украинадаги вазиятни "беқарорлаштириш"ни тўхтатмаса, унга қарши янги санкциялар киритилиши мумкин.

Бу ҳақида Буюк Британия Бош вазири Девид Камерон Австралияда ўтаётган "Йирик 20" саммитида гапирган.

Унинг айтишича, агар Россия ҳарбийлари Украина ҳудудида қолаверсалар, Оврўпо ва Россия ўртасидаги муносабатлар буткул ўзгача бўлади.

Камерон бу чиқиши ортидан Владимир Путин билан юзма-юз учрашган.

Россия Украина ҳудудида ўз ҳарбийлари борлигини рад қилган, бироқ россиялик "кўнгилли" аскарлар жанг қилаётган бўлиши мумкинлигини тан олган.

Британия ва Россия раҳбарлари учрашуви ортидан жаноб Путиннинг матбуот воизи Дмитрий Песков учрашув қарийб бутунлай Украина мавзусига қаратилганини билдирди.

Унинг айтишича, "Россия, АҚШ ва қатор бошқа Оврўпо давлатлари ўртасидаги зиддиятнинг фундаментал сабаблари ҳақида суҳбат олиб борилди".

"Путин ва Камерон бу алоқаларни қайта тиклаш ва инқирозни ҳал қилиш ва бу билан зиддиятли муносабатлардан воз кечишдан манфаатдор эканликларини таъкидлашди", - деди воиз.

Бироқ, Камерон Россия "Украинада фақат битта қонуний ҳукумат бор"лиги ва Путин ҳукумати "нотўғри йўналиш"да ҳаракат қилаётганини айтган.