"Исломий Давлат" энди Саудия Арабистонига кўз тикмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат" гуруҳи жим ўтирадиган кўринмайди.

Агар 17 дақиқалик аудио-муждасига қулоқ тутилса, гуруҳ раҳбари ва "Исломий Давлат" раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий энди Саудия Арабистонига кўз тиккан.

Саудия подшоҳлиги Исломнинг бешиги, дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси ва экспорт этувчиси саналади.

"Исломий Давлат" ал-Сауд сулоласи бошқарувини тан олмайди. Шу боис гуруҳ раҳбари ўз муждасида Саудия Арабистони ўрнига "Ҳарам замини", деган атамани тилга олади.

Бағдодий "Исломий Давлат" сафида ўсиб бораётган саудиялик тарафдорларига мурожаат қилиб, ҳужум нишонлари рўйхатини эълон қилади. Рўйхатнинг бошида эса, Саудиядаги озчиликни ташкил қилувчи ва нефтга бой шарқий вилоятларида яшовчи шиалар туришади. Салафий радикаллари уларни бидъатчилар деб ҳам кўришади.

Ироқдаги исёнкорлик туфайли Яқин Шарқда мазҳаблараро бўлинишлар мисли кўрилмаган даражада чуқурлашди. Кўплаб саудияликлар эса, "Исломий Давлат"га талончи террорчилар эмас, балки сунний Исломни Эрон ва унинг шиа иттифоқчилари тажовузидан ҳимоя қилаётган жасур одамлар сифатида қарашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Саудия Арабистонида Маккаи Мадина каби мусулмонлар учун муқаддас шаҳарлар жойлашган

Саудия расмийлари мамлакат "Исломий Давлат" гуруҳи бош нишони бўлиши ҳақида узоқ пайтдан бери огоҳлантириб келишаётганди.

Ўтган ёз гуруҳ халифалик эълон қиларкан, эртами-кечми диққатини минтақадаги ушбу энг йирик ва энг муҳим мамлакатга қаратиши тайин эди.

Саудия Арабистони бош муфтиси "Исломий Давлат"га "Исломнинг энг катта душмани" деган таъриф берди.

Яқинда ҳукуматга яқин саудиялик Ню Йорк Таймсда чоп қилинган мақоласида: "Саудия Арабистони минтақадаги "Исломий Давлат"ни мағлуб қилишга қудрати етадиган ва қонуний ҳаққа эга ягона ҳокимият", деб айтди.

Айбловлар

Айни пайтда кўплар "Исломий Давлат"нинг шиддат билан кўтарилишида Саудия ҳукуматини айблайди. Яъни, Саудия бугун Исломнинг тоқатсиз шаклини экспорт қилгани ва зўравон жиҳодни рағбарлантирувчи кучга айланган террорчиларни молиялагани даъво қилинади.

Саудия Арабистони ҳукумати эса, бундай айбловларни қатъиян рад қилади. Унга кўра, Суриядаги ички уруш ва шиалар етакчилигидаги Бағдод ҳукумати тарафидан Ироқдаги суннийларга нисбатан таҳқиромуз сиёсатлар ИДнинг бўй кўрсатишига туртки берган.

Шунингдек, саудия расмийлари мамлакат ичкарисида "Ал-Қоида" исёнкорлигига қарши 3 йил давомида кураш олиб боришгани ва бунда ғолиб чиқишганини урғулашади. Бу кураш юзлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бағдодий нега Саудия Арабистонига таҳдид қилмоқда?

Бугун Саудияликларнинг ўзлари бениҳоя ноқулай вазиятда қолишган.

Мамлакат ҳаво кучлари АҚШ етакчилигида "Исломий Давлат"нинг Суриядаги мавқеларига қарши уюштирилаётган ҳаво ҳужумларига қўшилган. Бу кўплаб саудияликлар орасида норозиликни келтириб чиқарган. Хабар қилинишича, ИДга қарши қирувчи учоқларни парвоз қилдирган шаҳзодага ўлим таҳдидлари қилинган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир 2 мингдан ортиқ саудиялик "Исломий Давлат" сафига қўшилган.

Қатар ва Қувайт билан бир қаторда саудиялик расмийларига ҳам "Исломий Давлат"га бориб қўшилаётган шахсларга берилаётган хайрияларни тўхтатиш осон кечмаяпти.

Устига-устак зўравонликдан воз кечишга ваъда берган ва қайта тарбиялаш марказларидан озод қилинган қатор саудиялик ақидапарастлар "Ал-Қоида"га бориб қўшилишлари ортидан Яман билан чегарадаги хавфсизлик тез суръатда ёмонлашган.

Саудия Арабистони "Исломий Давлат"нинг тўғридан - тўғри ҳарбий босқинига юз тутади деб бўлмайди.

Ироқ билан шимолий чегараларига яхшигина чизиқ тортилган ва эҳтиёткорлик билан қўриқланади. Ҳарбийлиги Ғарбнинг миллионлаб долларлик қурол-аслаҳалар билан таъминланган.

Аммо, Саудия Арабистони чегаралари ичкарисига зўравонликлар таҳдиди кучаядиган кўринади. Яъни, мамлакатда онда-сонда бомба ҳужумлари, отишмалар ва одам ўғирлаш амаллари кузатилиши мумкин. Бу эса, Ички жосуслик хизмати заҳираларини синовдан ўтказиши тайин.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ