Кассигни ғарблик жиҳодчилар ўлдирган деб кўрилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Франция расмийларига кўра, Максим Ҳочард Сурияга 2013 йилда ўтган.

Ғарб жосуслик хизматлари Америка фуқароси Абдул Раҳмон Кассиг ва 18 суриялик маҳбуснинг қатл қилиниши акс этган видеолавҳалардаги жангариларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қилмоқдалар.

16 ноябрда боши олинган жаноб Кассиг "Исломий Давлат" томонидан ўлдирилган бешинчи ғарблик маҳбус ҳисобланади.

Жангариларнинг бири 22 ёшли француз Максим Ҳочард бўлиши мумкин, деб айтган Франция Ички Ишлар вазири.

Шунингдек, британиялик 20 яшар Носир Мутанна ҳам қатл этишда қатнашгани тахмин этилади, бироқ унинг отаси видеодаги жангари ўғли эканини рад қилмоқда.

Бундан олдинроқ Daily Mail газетига Аҳмад Мутанна видеодаги исломий жангари ўғлига ўхшаб кетишини билдирган, ҳозирда эса 16 жиҳодчи орасида ўғли йўқлигини таъкидлайди.

Би-би-сининг хавфсизлик бўйича мухбири Франк Гарднернинг фикрича, 16 дақиқалик видео жангарилар ва уларнинг турар жойлари ҳақида бой маълумотларни беради. Бу олдиндан ўйлаб амалга оширилган. Исломий Давлат Ғарб коалициясининг атайлаб жиғига тегиш ва ўзининг кимлиги ҳақида маълумот бериб, агар қўлидан келса ушлашга чақирмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Носир Муттана исломийларнинг олдинги лавҳаларида ҳам кўриниш берган.

Махсус хизматлар қатл этишда қатнашган шахсларнинг юз кўринишини, уларнинг ҳақиқий исмларини аниқлаш учун махсус программадан фойдаланишини билдирган. "Исломий Давлат" эълон қилган видеода жангарилар манзиллари Дабиқ деб аниқ ёзилган, Ислом ҳадисларига биноан Дабиқда мусулмонлар ва кофирлар ўртасидаги охир-замон жангги юз беради, дея кўрилади.

Яна бир жиҳодчининг исми-шарифи ошкор этилмаётган бўлсада, у Британия махфий хизматларига таниш жиҳодий гуруҳ вакилларидан бўлиши гумон қилинади.

Оқ Уй вакиллари видеолавҳада танасидан жудо қилинган бош жаноб Кассингники эканини тасдиқлаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кассиг 26 ёшда бўлган ва у собиқ Америка аскаридир.

У Ироқ урушида ҳам қатнашган.

Кейинроқ у фавқулодда тиббий ёрдам бўйича таҳсил олган, 2012 йилда Ливанга сафар қилиб у ерда фаластинлик қочқинларни даволайдиган касалхоналарда ишлаган.

Орадан бир муддат ўтиб у Суриядан қочиб келганларга ёрдам кўрсатган.

У Махсус Фавқулодда Ёрдам ( Sera) ташкилотига асос солган, кейинроқ бу ёрдам ташкилоти қароргоҳини Туркия жанубига, Сурия билан чегара минтақасига кўчирган.

У ўз ташкилоти амалиётини чегаранинг хар икки томонида йўлга қўйган эди.

2013 йил октябр ойида Кассиг шарқий Сурияда қўлга олинган эди.

Унинг ота-онаси Индиана штатилик Ид ва Паула ўғилларининг ўлимидан чуқур қайғуга ботганларини, шундай бўлсада, инсонпарварлик учун умрини фидо қилган ўғиллари билан бир умр фахрланишларини айтишган.

Охирги видеолавҳаларда шунингдек, ҳукумат кучларига алоқадор 18 нафар зобит ва учувчиларнинг қатл қилиниши ҳам муҳрланган.

Ишонилишича, улар ўтган йил Табқа авиабазасида қўлга олинган ва аксарияти алавитлардир.

Исломий Давлатнинг олдинги видеоларидан фарқли равишда бу сафар кўп жангариларнинг юзларини аниқ кўриш мумкин ва улар Алеппонинг Дабиқ ҳудудида жойлашганлари англашилади.

Франция Ички Ишлар вазири Бернар Казневга кўра, "жосуслик хизмати маълумотларидан бу жирканч жиноятларни амалга оширишда француз фуқароси ҳам қатнашгани эҳтимоли катта.

"Текширувлар давом этмоқда, лекин асли Эр вилоятилик 1992 йилда туғилган, 2012 йил Мавританияда бўлиб сўнгра 2013 йил августда Сурияга ўтган Максим Хочард бўлиши мумкин", деган у.

Июл ойида Франциянинг BFM телеканалига Skype орқали гапирган Максим Хочард ўзининг Суриянинг Раккасида экани ва Исломий Давлат сафига кирганини маълум қилади ва "Менинг шахсий мақсадим шаҳид бўлиш. Бу улкан мукофотдир", дейди.

Лекин Максимнинг амакиси жиянини "одамларнинг бошини олишга қодир бўлмаган оғир-босиқ ва бахтли бола эди" дея таърифлайди.

Бундан олдин жиҳодчилар британиялик Алан Хеннинг ва Дэвид Хайнс, америкалик журналистлар Жеймс Фоли ва Стивен Сотлоффларнинг бошини танидан жудо қилиб, АҚШнинг "Исломий Давлат"га қарши ҳужумлари эвазига эканини айтганлар.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ