Қуддусдаги синагогага ҳужум оқибатида тўрт инсон ҳалок бўлган

Исроил расмийлари хабар қилишича, пичоқ ва болта билан қуролланган икки шахснинг Қуддус шаҳридаги синагогага ҳужумида тўрт киши ҳалок бўлган, камида саккиз киши яраланган.

Ҳужум 18 ноябр куни эрталаб содир этилган.

Бу Қуддуси Шарифда охирги йилларда уюштирилган энг ҳалокатли ҳужум бўлган.

Исроил армияси яҳудий ибодатхонаси ичида олинган фотосуратларни эълон қилган.

Суратларда синагога ичи ағдар-тўнтар бўлгани, қонга беланиб ётган яҳудий ибодатчиси жасадини, полда қонларни кўриш мумкин.

Ҳужумчиларнинг икки фаластинлик дея гумон қилинаётгани, улардан бири шарқий қуддуслик экани ҳақида хабар тарқатган Исроил расмийлари.

“Биз бунга террорчилик хуружи сифатида қараяпмиз”, деб айтган полиция сўзчиси.

Ушбу ҳужумга гижгижлашда Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосни ва Ҳамас ҳаракатини айблаб чиққан.

Исроил бош вазири яҳудий ибодатчиларининг ўлдирилишига қаттиққўллик билан жавоб қайтаришга ваъда берган.

Қуддуси Шарифда охирги ойларда зўравонликлар кучайгани кузатилмоқда.

Қуддуси Шариф уч дин – яҳудийлик, насронийлик ва Исломга эътиқод қилувчилар учун муқаддас шаҳар ҳисобланади.

Ушбу динларнинг ибодатхоналари шаҳарда жойлашган.

Қуддус ва атрофидаги Фаластин ҳудудларини Исроил босиб олган, охирги пайтлардаги зўравонликлар янги динлараро низоларга етаклаши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Июл ойида фаластинлик ўсмирнинг яҳудийлар томонидан тириклайин ёқилгани, ёз ойларидаги Ғазодаги уруш ҳам таранглик кучайишига сабаб бўлган.

Қуддусдаги муқаддас қадамжолар кимга тегишли?

Қуддусдаги йирик қадамжолар мусулмон ва яҳудийлар орасида ҳамон баҳс ва низо мавзуси бўлиб қолмоқда.

Айниқса, ҳам мусулмонлар ва ҳам яҳудийлар ўзлари учун муқаддас санайдиган Ҳарам аш-Шариф каби гўшалар борасида келишмовчиликлар тугайдиган кўринмайди.

Қолаверса, Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги асосий сиёсий келишмовчиликлар ҳам бир тарафдан айни шу муқаддас масканларни ким назорат қилиши керак, деган баҳс-мунозарага бориб тақалади.

Масалан, Ислом оламидаги учинчи муқаддас қадамжо бўлмиш ал-Ақса Масжиди жойлашган Ҳарам аш-Шарифни яҳудийлар Ибодат Тепалиги, деб аташади. Лекин уларнинг ибодати учун чекловлар мавжуд. Қуддуси Шарифдаги яҳудийларнинг энг муқаддас - "Йиғи девори" ва мусулмонлар учун муқаддас ал-Ақса масжиди ёнма-ён жойлашган.

Ҳар икки тараф ҳам ўз динида муқаддас саналган гўшага тўсиқсиз киришни ва у ерларни назорат қилишни истар экан, бу умумий қадриятлар тарафларни бирлаштириш ўрнига, улар орасидаги адоватни тобора кучайтираётир.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002