БМТ Шимолий Кореяни тергов қилишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шимолий Корея инсон ҳақларини поймол этаётганини рад этган

Бирлашган Миллатларнинг Инсон Ҳақлари Қўмитаси Хавфсизлик Кенгашини Шимолий Кореяни инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши юзасидан Халқаро Жиноий Маҳкамага ҳавола этишга чақирди.

Сешанба куни Женевада бўлиб ўтган овоз беришда 111 давлат Инсон Ҳақлари Қўмитасининг қарорини маъқуллаб, 19 давлат эса қарши овоз берган.

Қўмитага аъзо 55 давлат овоз беришдан тийилган.

Инсон Ҳақлари Қўмитасининг қарори БМТ Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланиши керак.

Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга бўлган Россия ва Хитой қарши овоз беришган.

БМТнинг шу йил февралида эълон қилинган ҳисоботида шимолий кореяликлар "сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ваҳшийликларга" юз тутаётганликлари айтилади.

БМТ комиссияси қийноқлар, сиёсий репрессиялар ва бошқа жиноятларга доир далилларни тинглаган.

Резолюция шунингдек, Шимолий Кореядаги жиноятлар учун масъул шахсларга қарши жазо чораларини қўллашга ҳам чақиради.

БМТ ҳисоботида айтилишча, Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ўзининг шиддати ва даҳшати билан бошқа барча давлатларни ортда қолдиради.

Ҳисоботни тайёрлаган гуруҳ раҳбари Майкл Кэрби БМТ резолюциясини "инсон ҳақларини ҳимоя қилишдаги муҳим қадам" деб атаган.

БМТ Бош Ассамблеяси келаётган ҳафталарда резолюция юзасидан овоз бериши керак.

Дипломатларга кўра, Пхеняннинг яқин иттифоқчиси бўлган Хитой Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореяни Халқаро Жиноий Маҳкамага ҳавола этмаслиги учун ўзининг вето ҳуқуқини қўллайди.

Шимолий Корея БМТ текширувига қаршилик қилган ва инсон ҳақларини поймол этаётганини рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ