"Россияда "рангли инқилоб" рўй беришига йўл қўйилмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Президент Владимир Путин Россияда "рангли инқилоб" каби ҳодисалар рўй бермаслиги учун ҳукумати бор кучи билан қарши туришини билдирган.

"Биз рангли инқилоблар деб аталадиган тўлқин қандай фожеали оқибатларга олиб келганини кўряпмиз...ва биз бундай нарсалар Россияда ҳеч қачон содир бўлмаслиги учун ҳамма нарса қиламиз",- дейди жаноб Путин.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида чиқиш қилган Путин "рангли инқилоб"ларни экстремизмга тенглаштирган, унинг сўзлари билан айтганда, "инқилоб"дан замонавий дунёда геополитика ва таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланилмоқда.

Экстремизмнинг олдини олиш учун чуқур ва қатъий иш олиб боришимиз, унинг пайдо бўлишига сабаб бўладиган омилларга йўл қўймаслик лозим, деган Путин.

2014 йилда Россияда экстремистик фаолиятни амалга оширишга чақириқ, жумладан интернет орқали мурожаатлар учун ҳам масъулият кучайтирилган.

Октябр ойида Валдаеда қилган чиқишида жаноб Путин Вашингтонни экстремизмни молиялаштираётганликда айблаган эди.

Унинг таъбирича, АҚШ ва ҳамкорлари "қайта-қайта бир хил дарёга киришади ва ўша хатоларни амалга оширишда давом этишади". Жумладан, жаноб Путин Қўшма Штатларни ўз вақтида Совет Иттифоқига қарши кураш учун Афғонистондаги исломий экстремистик ҳаракатларни молиялаштиришда кўмак берган, деб айтади.

Шу билан бирга Путин Россия ҳукуматининг экстремизмга қарши кураши ўзгача фикрловчиларга қарши кураш ҳисобланмаслигини таъкидлаган. "Биз эркин демократик давлатмиз. Ва фуқароларимиз ўз фикрига эга бўлишга ва уни билдиришга ҳақлидирлар. Ҳукуматга қарши мухолифатда бўлишга ҳақлари бор", деган Россия Президенти.

Кузатувчилар эса Путин ўз мухолифларига қарата қаттиқ сиёсат олиб боришини, уларнинг фаолияти кўп ҳолларда қамоқ ёки мамлакатни тарк этиш билан тугашини айтадилар.

Путиннинг бошқарув усули Россиянинг Украинага нисбатан муносабати боис жаҳон ахборот агентликларида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002