Кениядаги автобус ҳужумида 28 инсон отиб ўлдирилган

Сомалидаги “Аш-Шабаб» исломий гуруҳи жангарилари деб ишонилаётган қуроллилар автобусни гаровга олган.

60 йўловчидан камида 28 нафарини отиб ўлдирганлар.

Ҳодиса 22 ноябр куни тонгги соат 6 ларда рўй берган.

Кениянинг Сомали чегарасига яқин Мандера шаҳридан 50 километрча узоқликдаги жойда 100 тача жангари пойтахт Найробига йўл олган йўловчи автобусни тўхтатган.

Йўловчилар икки гуруҳга бўлинган.

Мусулмонлар қўйиб юборилгани, мусулмон бўлмаганлар отиб ташлангани хабар қилинмоқда.

Кения Ички ишлар вазирлиги ҳужумни тасдиқлаган, “бандитлар” қидирилаётгани ҳақида маълум қилган.

Кения расмийлари кўплаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган ҳужумларда Сомалидаги “Аш-Шабаб” гуруҳини айблаб келади.

Бу ҳужумларнинг аксари Кениянинг сўнгги автобус ҳужуми юз берган шимолий ҳудудларида уюштирилган.

Ўзининг денгиз соҳилларидаги шаҳарларига ҳужумларда “Аш-Шабаб”ни айблаган Кения 2011 йилда Сомалига ўз қўшинларини юборган.

Шундан сўнг қуролли ҳужумлар сони ҳам кўпайган.

2013 йил сентябрида Кения пойтахти Найробидаги савдо марказига “Аш-Шабаб” жангарилари ҳужум қилишган, оқибатда 77 инсон ҳалок бўлган эди.

Африка Иттифоқи қўшинлари дастаклаётган Сомали давлат армияси "Аш-Шабаб" назоратида бўлган анча ҳудудларни қўлга киритган, аммо бу гуруҳ Сомалининг ўзида ва бошқа шарқий Африка мамлакатларида ҳамон ҳалокатли ҳужумларни содир этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002