АҚШ ИДга қарши курашда Туркия роли ошишини истайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

АҚШ Вице-Президенти Жо Байден Туркия раҳбарияти билан музокараларда “Исломий Давлат” жангариларига қарши курашда Туркия каттароқ роль ўйнашига кўндиришни хоҳлаган.

Аммо, мухбирларга кўра, Сурия борасидаги Вашингтон билан Анқара қарашларидаги фарқлар бу музокараларни қийинлаштирган.

21ноябрь куни Вице-Президент Жо Байден Туркия Бош вазири Аҳмед Довутўғли билан учрашган.

Шанба куни жаноб Байден билан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан музокаралар режаланган.

Америка Туркия Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини назоратига олган “Исломий Давлат” гуруҳига қарши ҳозиргига қараганда ҳам каттароқ роль ўйнашини истайди.

Туркия эса Сурия Президенти Башар ал-Ассадни қудратдан ағдариш учун шу қадар кўп саъй-ҳаракат қилинмоғи лозим эди, деган фикрда ва Сурия осмонининг парвозлар тақиқланган ҳудуд деб эълон қилинишини истаб келади.

Бироқ расмий Анқаранинг ушбу таклифи Вашингтон томонидан дастак топмаган.

Вице-Президент Байден ва Бош вазир Довутўғли учрашувида икки мамлакатнинг узоқ йиллардан буён дўст мамлакатлар экани мақталган.

Мухбирларнинг хабар қилишича, жаноб Байден билан жаноб Эрдўғон музокараларида Туркиянинг АҚШ етакчилигидаги “Исломий Давлат”га қарши тузилган коалициясида янада фаолроқ бўлиши масаласи, “Исломий Давлат” гуруҳи сафларига қўшилишни истаётган жиҳодчиларнинг Туркия ҳудудидан ўтишини тўхтатиш ҳамда Туркия ҳудудида тўпланиб қолган 1 миллион 600 мингдан ортиқ қочқинларга ёрдамлашиш масаласи муҳокама қилиниши кўзланган.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Марк Лоуэн хабар қилишича, жаноб Байден оёғининг тагига қизил гиламлар тўшаб кутиб олинган, аммо муносабатлар у қадар яхши эмас.

Орага жаноб Эрдўғон билан жаноб Байден орасидаги аччиқ-тизиқ гаплар ҳам қўшилган.

Ўтган ой АҚШ Вице-Президенти Жо Байден, жаноб Эрдўғон ўзаро суҳбатлардан бирида хорижий жиҳодчиларнинг Сурияга ўтишига Туркия изн бераётганини тан олди, деб айтган.

Бу гап жаноб Эрдўғонни ғазаблантирди, у жаноб Байден билан алоқалар “тарихга айланди”, деб айтган.

Вице-Президент Байденнинг идораси унинг узри ҳақида эълон қилган, бироқ мухбиримизга кўра, жаноб Байден, бу кечирим сўраш эмас, аниқлик киритиш эди, деб айтган.

Шу пайтгача Туркиянинг “Исломий Давлат”га қарши курашга қўшган энг катта ҳиссаси Курд жангариларининг Туркия ҳудуди орқали Суриянинг Кобани шаҳрини мудофаа қилишга ўтишларига рухсат бергани бўлди, дейди Би-би-си мухбири

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ