Эрон ядровий дастури юзасидан келишув муҳлати ниҳоя топмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Музокаралар Венада ўтмоқда

Венада Эроннинг баҳсли ядровий дастури бўйича кечаётган музокаралар кутилган натижага етаклаши эҳтимоли юзасидан шубҳалар кучаймоқда.

Келишув учун сўнгги муҳлат душанба куни ниҳоя топади. Америка ҳам, Олмония ҳам томонлар ўртадаги "йирик фарқлар"ни йўқотиш учун ишлаётганларини билдирган.

Баъзи хабарларда битим учун белгиланган муддат узайтирилиши мумкинлиги айтилади.

Дунёнинг энг қудратли 6 давлати Эрондан ядровий дастурдан воз кечишни талаб қилишар экан, эвазига Бирлашган Миллатлар жазо чоралари бекор қилиниши айтишмоқда.

Эрон эса, ўз дастури атумий қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришга қаратилмагани, балки энергетика ишлаб чиқариш мақсадларини кўзлаганини айтиб келади.

П5+1 деб аталаётган гуруҳ - Британия, Хитой, Франция, Россия, Қўшма Штатлар ва Олмония Австрия пойтахтида Эрон билан музокаралар олиб бормоқда.

"Мақсад душанба тунига қадар битимга эришиш"

Шанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри: "Биз қаттиқ ишлаяпмиз. Умид қиламизки, олдинга қадамлар ташланади. Аммо, ўртамиздаги фарқлар катта... биз бу учун яқиндан ишлаяпмиз", деб айтган.

У бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф билан учрашуви ортидан гапирган.

Олмония Ташқи ишлар вазири Франк Штейнмайер агар Эрон истаса, ҳамон илгарилаш имкони мавжудлигини айтган.

Би-би-сининг Венадаги мухбири Бетани Беллнинг хабар қилишича, душанба кунига белгиланган сўнгги муҳлатга қадар ҳартомонлама келишувга эришиладими йўқлиги қоронғу қолмоқда.

Музокараларда иштирок этаётган дипломатлар кўпроқ вақтга эҳтиёж борлигига ишора қилишган.

Эроннинг Исна ахборот агентлиги ҳам расмий Теҳрон томонидан йўлланган ҳайъат аъзосига иқтибосан, душанба куни битимни қўлга киритиш имконсизлиги ва муҳлат узайтирилиши масаласи "стол устида" эканини айтган.

Франс-Пресс ахборот агентлиги эронлик манбага таяниб, Теҳрон музокараларни яна бир йилга қадар узайтириш таклифига очиқлиги хусусида хабар тарқатган.

Қўшма Штатлар расмийсига кўра, мақсад ҳамон душанба тунига қадар битимга эришиш бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда Ню Йорк Таймс чоп этган мақолада АҚШнинг асосий хавотири Эрон фош этиб бўлмайдиган ҳудудда бомба ишлаб чиқаришини олдини олиш экани айтилади.

П5+1 ва Эрон бир йил олдин ички келишувга эришган. Бироқ, томонлар июлга қадар ниҳоий битимни қўлга кирита олмагач, сўнгги муҳлатни 24 ноябрга қадар узайтиришга рози бўлишганди.

Эрон қарийб 10 йилдан бери ядровий дастури миқёсини кичрайтириш саъй-ҳаракатларига қаршилик кўрсатиб келади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ