Жосус вирус Россия ва Эронни нишонга олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Янги вирусдан энг кўп Россия, Эрон, Саудия Арабистони, Ирландия ва Мексика каби давлатлар зарар кўрмоқда

Symantec ва Kaspersky антивирус ширкатлари компютерларда Regin номли жосуслик вируси пайдо бўлганидан хавотирдалар.

Ушбу компютер вируси саҳифалар скриншотини олишга ва ўчириб ташланган файлларни қайта тиклашга қодир экан.

Symantec экспертларига кўра, жосуслик вирусларидан энг кўп Россия, Саудия Арабистони, Ирландия, Эрон ва Мексикадаги компютерлар зарар кўрмоқда.

Regin вируси нишонига айланганлар орасида Россия телекоммуникация ширкатлари ҳам бор.

Мутахассислар фикрича, "энг мукаммал вируслардан бири" давлатлар лабораторияларида тайёрланган бўлиши мукин.

"Вирусни, афтидан, ғарб махсус хизматларидан бири тайёрлаган. Биз бу хулосага техник билимлар даражаси ва унга сарфланган вақт ҳамда тажрибаларга асосланиб келдик ", - дея Би-би-сига хабар берди Symantec ширкатининг стратегик тадқиқотлар бўлими ходими Шан Жонберди.

"Баъзи давлатлар ва махсус хизматлар бундай программалардан ўз ҳудудларида фойдаланишлари мумкин", - дейди ўз исмини ошкор этишни истамаган истиҳборот хизмати ходими.

Norton антивирус ширкати мутахассислари эса Regin вируси камида олти йил давомида дунёнинг турли нуқталарида турли ташкилотлар, бизнес-структуралари ва жисмоний шахсларга қарши ишлатилганини айтишади.

"Бу вирусга тенг келадигани йўқ", - дея ишонч билдиради Symantec компютер хавфсизлиги ширкатининг директори Орла Кокс.

Экспертлар пайдо бўлган вирусни 2010 йилдан буён Эрон ядровий ширкатларини нишонга олиб келган Stuxnet вирусига ўхшатишмоқда.

Теҳрон мазкур вирусни кодини яратишда АҚШ ва Исроилни айблаганди.

Компютер мутахассислари фикрига кўра, Stuxnet жисмоний инфратизилмага зарар беришни мақсад қилган илк вирус программаси ҳисобланади.

Stuxnet Эрон ядровий иншоотида уранни бойитувчи центрифугаларни издан чиқариш мақсасида барпо этилган.

Аммо, Symantec ширкатининг ишонишича, Regin янада мукаммалроқ вирус бўлиб, ҳаттоки Microsoft почта серверларини издан чиқаришга қодир.

Hewlett-Packard ширкати ҳисоботига кўра, компютер вируслари ҳар йили ташкилотларга миллиардлаб доллар зиён етказади.

Кибер ҳужумларига дуч келган Россия ширкатлари йилига ўртача 3,3 млн доллар йўқотишади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002