Тоталитаризмни башорат қилган ёзувчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALAMY

Фёдор Достоевский ҳали XIX асрдаёқ ғоя ҳаққи қотилликни оқлайдиган инсонлар ҳақида ёзган эди.

Айнан мана шунинг учун ҳам жаҳон адабиётининг бу даҳоси ҳар доим долзарб бўлиб қолган- ҳам ХХ асрнинг тоталитар тузумлари пайдо бўлаётган пайтда, ва ҳозирги терроризмга қарши глобал кураш кетаётган бизнинг давримизда ҳам, деб ҳисоблайди файласуф ва ёзувчи Жон Грей.

Достоевский ғоялар инсон ҳаётини ўзгартиришга қодир эканлиги ҳақида ёзганида, у нима ҳақида гапираётганини яхши тушунган.

У 1821 йилда туғилган ва 27 ёшидаёқ мақсади Россияда давлат тўнтариши бўлган петрашевчилар жамиятига бош суққан эди. Петрашевчилар француз утопистларининг социалистик назариялари кучли таъсири остида эдилар.

Бу махфий тўгаракнинг аъзолари орасида полиция жосуси ҳам бўлиб, оқибатда инқилобчиларнинг ғоялари ҳукуматга ошкор бўлади.

1849 йилнинг апрелида ёзувчи кўпгина петрашевчилар қатори ҳибсга олинади ва 8 ойни Петрапавловск қалъаси камерасида ўтказади. Узоқ текширишлар натижасида петрашевчилар бузғунчилик адабиётларини тарғиб қилишга уринишда айбдор деб топилиб, отувга ҳукм қилинадилар.

Бу ҳукм қатағон ва сургун билан алмаштирилади, лекин бунгача маҳкумлар қатл саҳнасининг барча азобларини бошдан ўтказишларига тўғри келади.

1850 йил 22 декабрда Михаил Петрашевский тўгарагининг 20 аъзоси, жумладан уларнинг орасида бўлган 28 ёшли Фёдор Достоевский ҳам Петербургнинг Семёнов қатл майдонига келтирилади.

Image caption 1880 йилда Санкт-Петербургда икки нигилистнинг қатл маросими.

Судланувчиларга ўлим ҳукми эълон қилингач, руҳоний уларни тавба қилишга даъват қилади. 10 дақиқа давомида маҳбусларнинг тазарру қилишини кутиш самара бермагач, "Қатл этилсин!" буйруғи янграйди.

Бироқ охирги сонияларда барабан садолари гумбурлайди ва аскарлар қуролларини туширишади. Қатл жойига бостириб кирган каретадан зобит сакраб тушади ва ҳаммага подшоҳнинг авфини эълон қилади. Шу тариқа ўлим ҳукми сургун билан алмаштирилади.

Достоевский тўрт йил муддатга Омскка сургун қилинади, сўнгра 7-Сибир батальони билан Семипалатинскка аскар этиб жўнатилади.

1860 йилда Достоевский Петербургга қайтади, бироқ унга эълон қилинмаган таъқиб 1870 йилларнинг ўрталаригача давом этади.

Сургун даври ва ҳарбий хизмат ёзувчини қаттиқ ўзгартиради. Бироқ Достоевский Рус жамиятини жиддий ўзгартириш лозимлиги тўғрисидаги қарашларидан воз кечмайди. У крепостной ҳуқуқ тизими аҳлоққа буткул зидлигига ишонишда давом этди ва умрининг охиригача мулкдор ер эгалари бўлган аслзодаларга тоқат қилолмади.

Лекин унинг ўзининг эътиқоди сабаб, ўлим ёқасига келиб қолган пайтида бошидан ўтказган чуқур изтироблари замон ва тарихга бошқа кўз билан қарашга туртки бўлди.

Кўп йиллар ўтиб у ўша кундагидек бахтиёр бўлмагани ҳақида ёзган эди.

Инсон ҳаёти, Достоевский ёшлигида ўйлаганидек, қолоқ ўтмишдан ёрқин келажак томон ҳаракатланиш эмаслигини англаб етган эди. У ҳар қандай инсон вақтнинг ҳар бир сониясида абадийлик чегарасида туришини англаганди. Ушбу англаб етиш натижасида Достоевский уни ёшлигида шу қадар жалб қилган ривожланиш мафкурасига тобора кам ишона бошлади.

Нигилизмга ўқилган ҳукм

У Сибир сургунидан пойтахтга қайтиб келгач, Петербург зиёлилари орасида тарқалган ғояларга, айниқса, шубҳа билан қарай бошлади. Рус зиёлиларининг янги авлоди оврўполик файласуфларнинг кучли таъсири остида эдилар. Француз материализми, немис гуманизми ва инглиз утилитаризми Россияда фақат шу мамлакатга оид "нигилизм" номини олган мафкура билан қоришади.

Image caption Актриса Ив Белтон Достоевскийнинг "Иблислар" асаридаги Мария образида. 1969 йил.

Биз нигилистларга ҳеч нарсага эътиқод қилмайдиган инсонлар сифатида қараб келганмиз. Лекин 1860 йиллардаги рус нигилистлари бутунлай ўзгача эдилар. Улар телбаларча фанга эътиқод қўйган, ҳамда ўтмишда инсониятни бошқарган диний ва ахлоқий анъналарни барбод қилишни орзу қилар эдилар. Уларнинг ишонишларича, бу янги, идеал дунёни қуриш учун муҳим ҳисобланар эди. Бизнинг давримизда ҳам улкан сонли одамлар шунга ўхшаш қарашларга таянишади.

Достоевскийнинг нигилизмга ҳукми унинг "Иблислар" романида ўқилади. Роман 1872 йилда чоп этилиши биланоқ, у танқидчилар томонидан панд-насиҳатгўйликда айбланади.

Шубҳасиз, муаллиф ўз замондошлари берилган ғояларнинг ҳалокатли эканини кўрсатишга интилди.

Бироқ Достоевский томонидан "Иблислар"да ҳикоя қилинган тарих- бу қора комедия ҳамдир, ўзини доно санаган мутафаккирларнинг инқилоб қандай оқибатларга олиб келишини бутунлай англаб етмасдан инқилобий ўйинларни эрмак қилишларини аёвсиз захархандалик билан тасвирлайди.

Роман сюжетида Достоевский бу китобни ёзган пайтда содир бўлган ҳақиқий ҳодисалар тасвирланади. 1872 йилда Швецария ҳукумати талабани ўлимида айбланган, "Халқ қасоси" жамиятининг асосчиси, нигилист Сергей Нечаевни Россияга топширади. "Халқ қасоси"да Нечаев сўзсиз бўйсунишни талаб қилган диктатор ҳуқуқларидан фойдаланган. У томонидан ёзилган "Инқилобчи катехизис"ида таъкидланишича, инқилоб учун ҳар қандай воситадан, қотиллик ва товламачиликдан фойдаланиш мумкин.

Талаба Иван Иванов Сергей Нечаевнинг инқилобий тезисларини шубҳа остига олади ва ташкилотдан чиқмоқчи бўлганда ўлдирилади.

Достоевский башорат қилишича, озодлик ғоялари ҳаққи маънавият ва ахлоқийликдан воз кечиш тарих ҳали билмаган зулм салтанатига олиб боради.

"Иблислар" романи қаҳрамонларининг бири тан олишича, "Мен ўз шахсий маълумотларимга чалғиб қолдим ва менинг хулосаларим дастлабки ғояларимга тўғридан-тўғри қарши бўлди. Чегарасиз озодликдан мен адоқсиз шафқатсизликка юз тутдим".

Болшевиклар инқилобидан ярим аср ўтиб Россияда юз берадиган воқеаларни ҳеч ким Достоевскийчалик аниқ тасвирлай олмаган. Инқилобчилар раҳбари Владимир Ленин Нечаевни шахсий террорга ҳаддан ташқари маҳлиёликда айблайди. Лекин унинг инқилоб ишига хизмат қиладиган ҳар қандай жиноятни қилишга тайёрлигидан фахрланади.

Ташҳис

Достоевский башорат қилганидек, янгича эркинликка эришиш учун инсонийликка зид усуллардан фойдаланиш қатағонга олиб келди, бу Чор Россиясининг намойишкорона шафқатсизлигидан анчайин даҳшатли эди.

Image caption Актёр Жон Симм Би-би-сининг "Жиноят ва Жазо" спектаклида Раскольников ролида.

Достоевский романи Россиядан ташқарида ҳам долзарб бўлган ибратли сабоқни беради. "Иблислар"нинг инглизчага дастлабки таржимасида роман "The Possessed"-"Васвасаланган" деб аталган. Бу ноаниқ таржима бўлса ҳам, у Фёдор Достоевский фикрига кўпроқ яқин бўлиши мумкин.

Ёзувчининг инқилобчиларни шафқатсизларча тасвирлашига қарамасдан, хақиқий иблислар улар эмас, балки уларқулига айланган ғоялари эди.

Достоевский фикрича, унинг рус нигилизмининг асосий қусури унинг худосизлиги эди. Шунга қарамай, унинг нуқтаи назарига ҳамфикр бўлиш шарт эмас: у ғояларнинг иблисона кучи ҳақида ёзганда Достоевский инсонга хос қусурлардан қочади.

Достоевскийнинг ўзида ксенофобияга қоришган нигилизмнинг мистик хилма-хиллигини акс эттирган сиёсий қарашларига ҳам қўшилиш шарт эмас. Достоевский томонидан қўйилган ташхис, бу- ҳақиқий одамлардан кўра аниқроқ ғоялар ҳақида ўйлаш анъанасидир. Ва биз бу каби ахмоқона ғояларга ҳеч қачон садоқатли бўлмаганмиз, дейиш хато бўлар эди.

Охирги ўн йилликларда Ғарбнинг Яқин Шарқда олиб борган урушларнинг баъзилари табиий бойликлар учун курашни акс эттиради. Лекин бу тарихнинг бир қисмигина, холос. Ғарбнинг кетма-кет муваффақиятсизлик билан тугайдиган бу минтақанинг ишларига аралашувини тушунтириш учун, Достоевский ёзган хавфли ахлоқий тахаййул- фантазияларни аввало англаб олиш муҳим.

"Демократияга берилганлар"

Биз демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинлик каби ғоялар ўз-ўзидан инсон ҳаётини ўзгартиришга қодир, деб ҳисоблашга ўрганганмиз. Биз мақсади зулмкорларни ағдариш ҳисобланган тузумларни ўзгартириш лойиҳалари билан тўқнаш келдик. Лекин инқилобнинг бундай экспорти Ливия, Сурия ва Ироқда содир бўлгани каби давлатни парчалаб, фуқаролар урушига олиб келиши ҳамда анархия ва зулмнинг янги турларини дунёга келтириши мумкин.

Оқибатда биз ҳозир кўриб турган вазият юзага келади. Ғарб босқинчилиги туфайли ҳаётда юзага келган тартибсизлик Ғарб сиёсатига нисбатан ишончсизликни пайдо қилган.

Афсуски, бу хавотирлар асоссиз эмас. Бу можароларда қатнашган Ғарб фуқаролари уйларига қайтгандан сўнг, бу қарама-қаршиликлар бизнинг ҳаммамизга таъсири бўлиш эҳтимоли жуда юқори.

Биз либерал жамият ғояларнинг тоза бўлмаган кучига нисбатан иммунитет ҳосил қилган, деб қарашни хоҳлаймиз. Лекин шу билан бирга, бизнинг ичимизда ўз иблисларимиз йўқ, деб ҳисоблаш ўз-ўзини алдаш бўларди. Озодликнинг улкан ғояларига берилиб, биз ўзимиз тушунмаган мамлакатларда ҳукумат тузумларини ўзгартиришга уриндик. Достоевский романларидаги инқилобчилар сингари, биз абстракт ғояларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш учун бошқаларни қурбон қилдик.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002