Уйғур домланинг етти талабаси ҳам маҳкамага тортилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Илҳом Тўхти бўлгинчиликда айбланиб сентябрда қамалди

Уйғур олими Илҳом Тўхтига алоқадор деб кўрилган етти талаба Хитойнинг Шинжон ҳудудида маҳкамага тортилганлари айтилади.

Жаноб Тўхти сентябрда бўлгинчилик ва этник тангликни келтириб чиқаришда айбланиб бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Университетнинг етти талабаси жаноб Тўхтига уйғурлар ҳақидаги вебсайтни юритишга ёрдам берганликда айбланадилар.

Тўхтининг қамалишини халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари қоралаганлар.

Би-би-сининг Пекиндаги мухбири Силия Ҳаттоннинг айтишича, маҳкама шунчалар хуфёна тарзда ўтаяптики, Шинжон маҳкамаси жараён ўтаётганини тасдиқлашдан бош тортган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty images
Image caption Фаоллар Хитой ҳукумати уйғурлар дини ва маданиятини йўқ қилаётганини айтишади

Тўхтининг адвокати Ли Фангпингнинг Би-би-сига билдиришича, талабалар Жаноб Тўхтининг ҳозирда ёпиб қўйилган Uighur Online вебсайтига мақолалар ёзганлар. Бу вебсайт Хитойдаги уйғурлар ва бошқа этник гуруҳлар орасидаги баҳсу-мунозараларни рағбатлантирган.

Бироқ, расмий Пекинга кўра, бу вебсайт Шинжон мустақиллигини тарғиб қилган.

Талабалар 5 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазоларига юз тутишмоқда.

Етти талаба ўтган январда ҳибсга олинишлари ортидан ғойиб бўлганлар, бироқ кейинроқ телевидение орқали пайдо бўлиб ўз домлалари Тўхтига қарши кўрсатма берганлар.

Илҳом Тўхти Хитой ҳукуматининг уйғур озчилигига бўлган муносабатини қаттиқ қоралаб келган.

Хитойда бу йил уйғурларнинг оммавий ҳужумлари сони ошган. Хитой ҳукумати бунда, ўз таъбирида, хориждан молияланган уйғур экстремистларини айблайди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002