Кобулда юз берган портлашда камида 5 нафар инсон ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистон Соғликни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарга кўра, пойтахт Кобулда юз берган портлашда камида беш нафар инсон ҳалок бўлди ва яна камида 30 нафар инсон жароҳат олди.

Баъзи хабарларга кўра, қурбонларнинг аксари оддий йўловчилар бўлган.

Вазирликка кўра, портлаш худкуш ҳужумчи томонидан содир этилган.

Ҳодисада Британия элчихонасига тегишли бир автомобил зарар кўрган.

Британия элчихонаси вакилининг маълум қилишича, машина ичида бўлганлар жароҳат олган.

Кобулдаги Би-би-си мухбири Ричард Галпиннинг айтишича, ҳужумда элчихона нишонга олинган бўлиши мумкин.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олган.

Интиҳорий ҳужумчининг мотоциклда бўлгани айтилади.

Хорижий кучларнинг аксари Афғонистонни келгуси ойда тарк этишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда толиблар ҳужумларни кучайтирмоқда.

Уч кун муқаддам Кобул шарқида НАТО кучларига қарши содир этилган бомба ҳужумида икки нафар америкалик аскар ҳалок бўлганди.

Сентябр ойида қудратга келган президент Ашраф Ғаний Афғонистонда тинчликни ўрнатишга ваъда берган.

Келгуси йил январидан бошлаб Афғонистонда бор-йўғи 12 минг нафар НАТО аскари қолиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002