‘Ҳаж танқидчиси’ ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бунинг ортидан, бангладешлик юқори мартабали сиёсатчи товон пули эвазига озодликка чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, Ислом динини таҳқирлаш айби билан қамоқхонага юборилган.

Хабарларга кўра, собиқ вазир Абдул Латиф Сиддиқий узоқ муддат хориж сафарида бўлган ва ўтган якшанба куни Бангладешга қайтган.

Бутун Бангладеш бўйлаб мусулмонларнинг норозиликларига сабаб бўлган сўзларини эса, жаноб Сиддиқий Нью-Йоркда, телевизион шоулардан бирида айтган.

Сиёсатчи ўзининг “Ҳажга буткул қарши экани” ва уни Муҳаммад пайғамбар(с.а.в) тужжорий мақсадларни кўзлаб, ўйлаб чиқарганини иддао қилган.

“Ҳаж зиёратини адо этиш учун икки миллион киши Саудия Арабистонига борди. Бу – шунча иш кучининг ҳайф кетишидир. Чунки Ҳаж зиёратини адо этаётган кишилар ҳеч бир иш қилишмайди-да”, - деган у.

Собиқ вазирнинг сўзларига таянилса, “Бўлажак ҳожилар ўз мамлакатлари иқтисодидан юлиб, шунча пулни четда сарфлашади”.

Айнан Нью-Йоркда айтган сўзлари ортидан, уни ҳибсга олишга оид даъватлар янграган.

Йигирмадан ортиқ киши эса, биз мусулмонларнинг кўнглимизни оғритди, деган мазмундаги шикоят билан маҳкамага ҳам мурожаат этишган.

Жаноб Сиддиқийнинг чиқишига, айниқса, радикал Исломий партияларнинг муносабатлари жуда ғазабнок бўлган: Улар намойишларга ҳам қўл уришган.

“Ҳифажат-и-Ислом” мутаассиб гуруҳи эса, сиёсатчини, ҳатто, “шаккок”, деб ҳам эълон қилган.

Худди шунинг баробарида, улар Бангладешдаги бошқа мухолиф партиялар билан бирга собиқ телекоммуникация вазирини зудлик билан қўлга олишни талаб қилишган.

Хабарларга кўра, шундан сўнг, Абдул Латиф Сиддиқий пойтахт Дакада ҳибсга олинган.

Ордер устига ордер

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Одамларнинг норозилиги ва ўнлаб шикоят аризалари ортидан, маҳкама жаноб Сиддиқийни ҳибсга олиш учун бир эмас, бир неча бор расман буйруқ берган.

Хабарларга кўра, айнан маҳкаманинг устма-уст ордерлари сабаб, АҚШ ва Ҳиндистонда узоқ вақт қолиб кетганига қарамай, жаноб Сиддиқий, барибир, Бангладешга қайтган.

Исломий гуруҳлар эса, уни ҳибсга олиш учун ҳукуматга 24 соат муҳлат беришган.

Айримлари сиёсатчини, ҳатто, қатл этишга ҳам чақиришган.

Абдул Латиф Сиддиқийнинг ўз ихтиёри билан полиция идорасига боргани айтилади.

Бу орада жаноб Сиддиқий Ҳиндистондан Би-би-сига интервью берган ва ўз сўзларини норасмий бир йиғин чоғида, катта сондаги одамлар қаршисида айтмаганини билдирган.

Ўз ўрнида, собиқ вазир мамлакати раҳбарини “хижолатда қолдиргани” учун афсус-надоматда эканини ҳам айтган.

77 ёшли Абдул Латиф Сиддиқий 70-йиллар бошида Бангладешнинг Покистондан мустақиллиги йўлида кураш олиб борган.

Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасинанинг ишонган ёрдамчиларидан бири бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳаж Ислом динидаги бешта фарздан бири бўлиб, мусулмон киши иқтисодий ва жисмонан бунга тайёр бўлиб, қурби етса буюрилади.

Мусулмонларнинг бирдамлиги ва Аллоҳга эътиқодини намойиш этувчи маросим қарийб 1400 йилдан буён давом этиб келади.

Ҳаж зиёрати мусулмонларга қанчага тушиши, молиявий харажатларининг ошиб бораётганига қарамасдан, бутун дунё бўйлаб миллионлаб зиёратчилар ўз руҳий эҳтиёжларини қондиришда давом этишади.

Ҳар йили Маккага сафар қилувчилар Саудия Арабистони иқтисодига миллиардлаб доллар олиб киришади.

Ресторанлар, сайёҳлик агентликлари, авиаширкатлар ва телефон компаниялари энг кўп фойдани айнан Ҳаж маросими чоғида олишади.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ