Нега айрим араблар Шариатга қарши?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шу кунларда айрим ижтимоий мулоқот тармоқларида худди шу руҳдаги баҳсу мунозаралар қизиб бормоқда: Шариатни жорий этишдан воз кечишга оид даъватлар ҳам янграмоқда.

Шариат қонунларига тил теккизиш аксарият мусулмон мамлакатларида анчайин қалтис иш саналади.

Бироқ "why we reject implementing Sharia" ҳэштеги “Твиттер”да бир кеча-кундузнинг ўзида 5.000 фойдаланувчи томонидан қўлланилибди.

Худди шу мазмундаги баҳсу мунозараларнинг ўзи эса, яна Саудия Арабистони ва Мисрда қизиб бораётган экан.

Гапни-гапга улаётган асосий мавзу: Шариат қонунларининг қанчалик араб давлатлари эҳтиёжлари ва замонавий қонунчилик тизимларига мос келиши-келмаслиги ҳақида.

"Why we reject implementing Sharia" (“нега биз Шариатнинг жорий этилишига қаршимиз”) ҳэштегини ҳозир Швейцарияда истиқомат қилувчи асли мисрлик доктор Алия Гад бошлаб берган.

Алия хонимнинг Би-би-сига айтишича, “диннинг ўзига ҳеч бир қаршилиги йўқ”.

“Аммо мен диндан сиёсий тизим сифатида фойдаланишларини ёқламайман”, - дейди у.

Радикал руҳдаги мусулмонлар адлия тизимларини Шариат тамойилларига мос равишда ислоҳ қилишга даъват этишади.

Айримлари эса, худди шу қонун-қоидалар асосида, қаттиқ жазо чораларининг жорий этилишини хоҳлашади.

Алия хоним эса, баъзи бир ёшларнинг фикрлари бу қадар радикаллашиб бораётганидан хавотирда эканини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Ҳозир, қаёққа қараманг, “Исломий Давлат”нинг ҳам руҳан ва ҳам жисмонан ёйилиб бораётганига гувоҳ бўласиз”, - дейди у.

Алия хоним ўзининг твитларидан бирида бир хил жиноят содир этган шахсларнинг Шариат ва ғарбона қонунлар асосида қандай жазоланишларини таққослаб, баҳсу мунозарага янада туртки беради.

Шундан сўнг, араблару мусулмонлар нега Шариатдан воз кечишлари лозимлигига оид даъволарини бирма-бир келтирганча, бу онлайн-мулоқотга қўшилиб кетганларнинг сони ҳам оз бўлмайди.

“Чунки унинг адолат ва тенгликни таъминлаганига оид бирор бир ижобий мисол йўқ”, - дейилади бундай твитларнинг бирида.

“Мана, Исломий Давлат, Сомали ва Афғонистонда жорий этишди. Оқибатини эса, кўриб турибмиз”, - дейди бошқаси.

Бу баҳсу мунозарага асли саудия арабистонилик, аммо ҳозир Ғарб давлатларида истиқомат қилувчи айрим саудияликлар ҳам қўшилишган.

“Биз Саудия Арабистонида Шариат қонунларини жорий этишга уриниб кўрдик. Худди шу боис ҳам диний бошқарувнинг “аччиқ таъми” бизга бевосита таниш”, - деб твит қилган уларнинг бири Калифорниядан.

“Шариатга амал қилиш билан биз ноинсоний қонунларга риоя қиламиз. Саудия Арабистони Шариат қонун-қоидалари асосида қатл этилганларнинг қонларига ботиб кетган”, - деб ёзади саудиялик бошқа бир аёл.

Аммо онлайн-баҳсга қўшилган аксарият бу қадар танқидий фикр билдиришдан анчайин йироқ бўлишган.

Бу каби “Твиттер” фойдаланувчиларининг айтишларича, муаммо Шариат қонун-қоидаларида эмас, унинг янглиш тушунилиб, нотўғри талқин этилишида.

“Шариатнинг ҳеч бир янглиш ери йўқ. Ҳамма гап биз уни қандай қўллашимизда”, - дейди ҳозир Баҳрайнда яшовчи мисрликлардан бири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бошқа бир мисрлик эса, “Шариатни ҳар ким ҳар хил тушунади. Дейлик, “Мусулмон биродарлари” уни ўзича талқин этади, Салафийлар ўзича, “Исломий Давлат”, “Боко Ҳарам” ва яна “ал-Қоида”, - дея твит қилган.

Онлайн-мунозаранинг бошқа иштирокчилари эса, ҳэштегнинг ўзини ҳақоратомуз, деб топишган.

Уни бошлаб берган доктор Гадни “даҳрий”ликда айблашган.

Бирови, “Сиз ҳамжинсбозлик, спиртли ичимликлар ва зино тарафдори бўлганингиз учун ҳам, Шариатни истамайсиз”, - дея шарҳ қолдирган.

Жинсий мавзулар ва саломатлик мавзусидаги баҳслари билан YouTubeда анча танилиб қолган доктор Гад эса, ўзи бошлаб берган мунозараларга билдирилаётган бу каби фикрларга кўникиб қолганини айтади.

Алия хонимнинг таъкидлашича, ўз фикрини эркин изҳор этиш ҳуқуқини қадрлагани, Мисрда қолган дўстлари бундайин имкониятдан мосуво эканликлари боис, бу ҳэштегни қўллашни бошлаган.

“Агар, мен Мисрда бўлганимда, бу каби жасоратнинг ярмига ҳам эга бўлмасдим”, - дейди у Би-би-си билан суҳбатида.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ