Афғонистонда ҳудкуш ҳужумчи дафн маросимини нишонга олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Афғонистоннинг Бағлон вилоятида ҳудкушлик ҳужуми натижасида тўққиз киши ҳалок бўлган, йигирмага яқин инсон яраланган.

Қурбонларнинг аксарияти тинч фуқаролардир.

Афғонистон расмийларига кўра, ҳодиса Бурқа туманида дафн маросими ўтаётган пайтда содир этилган.

Бурқа тумани ҳокими Тож Муҳаммад Тақва ва бир қанча маҳаллий мулозимлар дафн маросимида қатнашаётган бўлганлар.

Дафн маросими тугаб, расмийлар 100 метрча юрганларида портлаш овози эшитилган.

Туман полиция раҳбарининг Би-би-сига айтишича, ҳужумчи ўзларини нишонга олган бўлиши мумкин. "Бахтли тасодиф билан биз омон қолдик, лекин бегуноҳ кўп фуқаролар нобуд бўлишди", деб айтган у.

Дафн маросимига мингга яқин киши йиғилган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Афғонистондан хорижий кучларнинг чиқиб кетишга ҳозирлиги олдидан охирги ҳафталарда пойтахт Кобулда ҳам жангариларнинг қатор ҳужумлари юз берган.

Якшанба куни президент Ашраф Ғани НАТОнинг 12 мингга яқин ҳарбийларининг Афғонистонда қолиши тўғрисидаги келишувни тасдиқлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Шанба куни толиблар Кобулдаги инсонпарварлик ташкилоти жойлашган меҳмонхонани нишонга олганлар.

Портлашда Жанубий Африка фуқароси бўлган ташкилот раҳбари ва унинг икки фарзанди нобуд бўлган.

Ушбу ҳодисадан сўнг Кобул полиция раҳбари Зоҳир Зоҳир истеъфо берган эди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002