Генерал Дўстум: ‘Толибон вазиятдан фойдаланмоқда’

Қўшни Афғонистон вице-президентининг айтишича, сўнгги ойларда бутун мамлакат бўйлаб кузатилаётган кунда-шундалик ҳужумларга янги ҳукумат таркибининг ҳануз номаълум қолаётгани сабаб бўлмоқда.

“Худди шу боис ҳам, биз ҳозир на-да халқ ва на-да миллатга хизмат қилишга имконлимиз. Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳам ҳеч нарса қилолмай ўтирибмиз”, - деб айтган Абдулрашид Дўстум жаноблари.

Жаноб Дўстум бу ҳақда ўтган ҳафта ўзининг Би-би-сига берган илк суҳбати чоғида баён қилган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғонистонда янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келган ўтган икки ой ичида Толибон ҳаракати ўз ҳужумлари сонини кескин оширган:

Ўзининг доимий жанг жабҳаси бўлиб келган жанубий ва жанубий-шарқий вилоятлар қолиб, Ўзбекистоннинг шундоқ биқинидаги шимолий минтақаларда ҳам қайта фаоллашишнинг уддасидан чиққан.

Айниқса, катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари ва улар томонидан тайёрланган афғон хавфсизлик кучлари ҳозир бўлган пойтахт Кобулни, агар таъбир жоиз бўлса, сўнгги ҳафталарда ўзининг янги “жанг жабҳаси”га айлантирган.

Кобул ўтган икки ҳафта давомида деярли ҳар куни исёнчиларнинг қонли ҳужумларига саҳна бўлмоқда.

Ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро кузатувчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Афғонистоннинг энг тинч ҳудуди, деб кўрилган пойтахт Кобул мамлакатда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён бу каби зўравонликларга саҳна бўлмаган.

Улар айнан пойтахт Кобулдаги бу каби ҳолат катта сондаги халқаро иттифоқ қўшинлари ўзларининг оммавий сафарбарликларини якунлаб қолган бир йилда Афғонистондаги вазиятни издан чиқариб юбориши мумкинлигидан хавотирдалар.

Агар, айрим рақамларга таянилса, ўтган йилгиси билан таққосланганда, Кобулда исёнчиларнинг ҳужумлари қарийб икки ярим баробарига ортган.

Ўзбек генералига кўра эса, “толиблар янги ҳукуматнинг тақдири билан боғлиқ мавҳум вазиятдан фойдаланишмоқда. Худкушлик ҳужумларига зўр беришмоқда, портлашлар ва террорчилик амалларига қўл уришмоқда”.

Янги ҳукумат

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистонда ярим йиллик сайлов бўҳрони ортидан, шу йил сентябр ойи охирида янги миллий бирдамлик ҳукумати иқтидорга келган, аммо ўзларига берилган 45 кун муҳлат ичида янги ҳукуматни ташкил қилишнинг уддасидан чиқа олмаган.

Куни-кеча Афғонистоннинг янги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва ижроий раис доктор Абдулла Абдуллаларнинг бу хусусда бир тўхтамга келганликлари ҳам маълум қилинган.

Аммо бунинг ортидан пойтахт Кобулда берган расмий матбуот анжуманида жаноб Ғани янги ҳукумат таркибининг эълон қилиниши учун яна икки-уч ҳафта муҳлат лозим бўлишини баён қилган.

Жаноб Дўстумнинг айтишича эса, худди шу манзарада “Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият пойтахт Кобул қолиб, мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам ёмонлашган”.

Афғонистон вице-президентининг сўзларидан аён бўлишича, янги ҳукумат таркиби юзасидан президент ва ижроий раис орасидаги асосий тортишувлар ҳам айнан мамлакат хавфсизлигига масъул вазирликлар устида кетаётган бўлган.

“Мудофаа, Ички ишлар вазирлари тайин этилиши керак. Бу вазирликлар хавфсизлик кенгашига Афғонистон бўйлаб кечаётган зўравонликлар юзасидан ҳисоб беришлари лозим. Жосуслик Хизмати раҳбари тайин этилсин. Мана, Лондон анжуманига бориши керак, Молия вазири белгилансин. Агар, бу иш амалга ошмаса, бўлмайди. Чунки халқаро ҳамжамиятнинг ёрдамисиз биз ҳеч иш қилолмаймиз”, - деб айтган жаноб Абдулрашид Дўстум.

Би-би-си мухбирининг, "Сиз Афғонистондаги йирик "Миллий Исломий Уйғониш" партиясининг раҳбарисиз. Шундай экан, сизнинг тарафдорларингиз ҳам ўзларига янги ҳукумат таркибидан ўрин берилишини исташади. Агар, сир бўлмаса, сиз ўзингиз нечта вазирлик ўрнига кўз тикаяпсиз?", - деган саволга эса, жаноб Дўстум, "Мен бу хусусда бир рўйхат берганман. Тўғри, биз бир партиянинг раҳбаримиз. Тарафдорларимиз ҳам бор. Аммо ҳамма нарсага кўз тикаётганимиз йўқ. Оддий қилиб айтганда, ўз ҳаққимизга розимиз", - деб жавоб берган.

Афғонистонда зўравонликлар кучайган ва янги ҳукумат таркиби расман эълон қилинмаган бир манзарада Афғонистон президенти ва ижроий раиси бошчилигидаги ҳайъат Натонинг саммитида иштирок этиш учун кеча душанба куни Брюсселга жўнаб кетган.

Брюсселдаги йиғин чоғида ҳарбий иттифоқнинг Афғонистондаги янги вазифаси қандай бўлиши масаласи ҳам муҳокама этилади.

Зўравонликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистоннинг Америкада таҳсил олган янги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани сиёсий доираларда анчайин ғарбпараст, деб кўрилади.

Толибон ҳаракати эса, бу йилги президентлик сайловларидан тортиб, янги миллий бирдамлик ҳукуматини ҳам тан олмаслигини баён қилган.

Уларга қарши ўз ҳужумларини давом этдиришга ваъда берган.

Ҳаракатнинг ўзи эса, ярим йиллик сайлов бўҳрони сабаб, янада кучайишга муваффақ бўлган.

Устига устак, жаноб Ғани иқтидорга келиши ортиданоқ, расмий Вашингтон билан собиқ ҳамкасби Ҳомид Карзай қарийб бир йилча ортга суриб келган муҳим хавфсизлик битимини ҳам имзолаган.

Шу кунларда ушбу келишув Афғонистон парламентининг ҳар икки палатаси ва президент Ғани томонидан яна бир бор расман тасдиқдан ўтган.

Янги хавфсизлик битими Афғонистонда бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, ўн мингдан ортиқ хориж аскари ва улар қатор ҳарбий базаларининг қолишига қонунан изн беради.

Бошқа томондан, агар Америка матбуоти хабарларига таянилса, президент Барак Обама Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларининг ваколатини кенгайтирган.

Уларнинг толибларга қарши жанг олиб боришларига ҳам изн берган, исёнчиларга қарши курашларида афғон хавфсизлик кучларини ҳаводан туриб дастаклашга ҳам ваъда қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, ўтган 13 йил давомида афғон тупроғида бирор бир чет эл аскари бўлишига кескин қарши эканини ошкора баён этиб келади.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги икки воқеълик ҳам толибларнинг жиғига тегмай қолмаган.

Сулҳу мадора

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Қудратли ўзбек генерали Афғонистон янги президентининг 1-муовини сифатида шу йил сентябр ойида баён қилган илк сўзларида, “Толибон билан мулоқотга тайёр” эканлигини билдирганди.

Президент саройида сўзларкан, жаноб Дўстум Афғонистонни ҳозирги вазиятдан қутқариш лозимлигини таъкидлаганди.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати ҳам, ҳозирча, афғон тупроғида жанг олиб бораётган барча қуролли гуруҳларга нисбатан бирламчи сиёсатлари сулҳу мадора бўлиши мавқеида қолаётир.

Иқтидорга келганига бор-йўғи икки ой бўлганига қарамай, президент Ғани худди шу мақсадда аллақачон Саудия Арабистони, Хитой ва Покистонга ҳам сафар қилиб улгурган.

Толибон ҳаракати билан музокараларида бирининг ғоявий, бошқасининг моливий ва яна бирининг иқтисодий таъсири катта бўлган бу ҳар уч давлатнинг қўлловини ҳам қўлга киритган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, ўтган 13 йил бадалида ҳаракат билан турли даражада тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари деярли самара бермаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар афғон тупроғида хорижий аскар бўлар экан, мулоқотларга бормаслигини таъкидлаб келади.

Аммо яқинда Натонинг Афғонистон тақдирига бағишланган Уэльс саммити арафасида ҳаракат хос баёнот билан чиқиб, сулҳу мадора истагида эканига ишора қилганди.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум эса, бунгача узоқ йиллар Толибонга қарши уришиб келган.

Генерал Дўстумнинг кучлари халқаро иттифоқ кучларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда ҳам муҳим ўрин тутган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, Толибон муаммосига якуний ечим топишда биргина музокаралар йўли иш бермайди ва кун тартибида ҳарбий танлов ҳам сақлаб қолинмоғи лозим.

Кеча душанба куни пойтахт Кобулда йиғилган 200 дан ортиқ диний уламолар ҳам янги афғон ҳукуматини Толибонга нисбатан қаттиққўл сиёсат олиб боришга даъват этишган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ