Путин Оврўпо учун "Жанубий оқим" ини бекор қилишини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Москва ва Анқара Қора денгиз орқали Туркияга янги денгиз газ қувури қурилиши ҳақида келишган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Ражаб Тойиб Эрдўғон билан музокаралар якунида маълум қилган.

Россия ҳозирги шароитда "Жанубий оқим" лойиҳасини амалга ошира олмайди, деб айтган Путин Анқарадаги матбуот анжуманида.

Қора денгиз остидан ўтувчи газ қувури "Жанубий оқим" ўрнини эгаллайди. "Биз шу пайтгача Булғористондан ижобий жавоб олмас эканмиз, денгиз остида қурилишни бошлаб, Булғористон қирғоғида тўхтаб қолишни ножоиздир", дейди Путин.

"Туркиянинг ортиб бораётган эҳтиёжидан келиб чиқиб биз "Мовий оқим"ни нафақат кенгайтириб қолмасдан, Туркия иқтисоди учун яна бир лойиҳани амалга оширишга тайёрмиз. Агар бу муваффақиятли бўлар экан, Туркия орқали Греция билан чегарада Жанубий Оврўпо истеъмолчилари учун газ қувури тортишимиз мақсадга мувофиқ бўлади", деган у.

"Газпром" раҳбари Алексей Миллернинг очиқлашича, бу ерда гап йилига 63 млрд кубометр қувватилик газ қувури қурилиши ҳақида кетмоқда. Бу борада 1 декабр куни "Газпром" ва Туркиянинг БОТАШ нефтегаз ширкати ўртасидаги имзоланган меморандумда қайд этилган.

Миллернинг айтишича, йилига 14 млрд кубометр газ янги қувур орқали Туркияга , қолгани Туркия орқали Грецияга чиқарилади.

Қора Денгиз тубида "Мовий оқим" газ қувури ётқизиш бошланиши айтилган.

Шунингдек, Россия Туркияга газ нархини арзонлаштириб, салмоғини оширади, деган президент Путин.

2015 йил январидан бошлаб Туркияга 6 фоиз арзонлаштирилган ҳолда сотишга келишилган. Шу тариқа Туркия Олмония билан бир хил газ нархларига эришади.

Путин жанобларига кўра, ҳамкорликдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Россия газ нархини яна туширишга рози.

Кузатувчилар икки давлат раҳбарлари олиймақом учрашувидан Анқара худди шу натижаларни кутаётганини қайд этишган.

"Бой берилган фойда"

Ўз навбатида Газпром раҳбари Алексей Миллер ҳам "Жанубий оқим" лойиҳаси ёпиқ эканлигини эълон қилган журналистларга.

Ўтган ҳафта Газпром ширкати "Жанубий оқим" газ қувурларини ётқизишга Россияга нисбатан санкциялар таъсир қилмаслигини айтганди.

Бундан аввал Булғористон янги ҳукумати ўз ҳудудида лойиҳани амалга оширишни тўхтатишга қарор берган, Италия ҳам "Жанубий оқим" ортиқ устивор вазифа ҳисобланмаслигини билдирганди.

Жаноб Путиннинг фикрича, Булғористон ўз қарори билан йилига юз миллионлаб даромад кўриш имконини қўлдан бой бермоқда. "Булғористон ўзини мустақил давлат каби тутиш имкониядан маҳрм экан, ҳеч бўлмаганда Оврокомиссиядан олинмаган фойдани қоплашини сўрасин. Газ транзитидан Булғористон хазинасига йилига 400 миллион еврони тушган бўлар эди", дейди Владимир Путин.

Россия Булғористон ҳудуди орқали ўтиши мўлжалланган "Жнубий оқим" лойиҳасини 2018 йилда ишга туширишни кўзлаётган эди.

Украинадаги россияпараст бўлгинчиларнинг Москва томонидан дастакланиши ортидан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи жорий йил бошида Россияга қарши бир қанча иқтисодий санкцияларни жорий этди.

Бунинг ортидан "Жанубий оқим" лойиҳаси қурилиши номаълум муддатга тўхтатилган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ