Рубл яна тушди, Россия иқтисоди рецессияга юз тутмоқда

Россия Марказий Банки 10 ноябрдан буён биринчи марта рублнинг қийматини ушлаб туриш учун мудохала қилгани маълум бўлган.

Расмий хабарда айтилишича, душанба куни Марказий Банк валюта бозорида 700 миллион АҚШ долларини сотган.

Шу куни доллар ва евронинг курси 3-4 рублга "сакрагани" кузатилган.

Марказий Банк "молиявий беқарорликка таҳдид юзага келгани тақдирда" интервенция қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини айтмоқда.

1 декабр куни Москва биржасида 1 доллар 54 рублга яқинлашган, евро эса 67 рублдан ошган. Куннинг иккичи ярмида эса рубл бирданига кўтарилган ва 1 доллар 52,19 рубл, евро эса 65,23 га тушган.

Аммо орадан бир кун ўтиб, 2 декабр куни рублнинг тушиши яна давом этган.

Чоршанба куни Москва вақти билан эрталаб соат 10 ҳолатига Москва биржасида 1 доллар 54,66 рубл, 1 евро эса 67,76 рублга сотилган.

Айни пайтда чоршанба куни хом нефт нархи 35 центга кўтарилиб, баррелига 70,89 долларни ташкил этган.

Рублнинг тушиши 27 ноябр куни нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти- ОПЕК жаҳонда нефт нархи тушаётганига қарамай, ишлаб чиқаришни камайтирмасликка қарор қиилиш ортидан тезлашганди.

Кунига 30 миллион барреллик жорий квота камида яна ярим йил сақланиб туриши кутилмоқда.

Рецессия

Сешанба куни Россия ҳукумати келаси йил мамлакат иқтисоди рецессияга юз тутиши ҳақида огоҳлантирган.

Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг башорат қилишича, келаси йил Ялпи ички маҳсулот бор-йўғи 0.8% га ўсиши кутилади.

Бундан аввалги башорат 1.2 фоиз эди.

Вазирлик шунингдек, аҳоли даромадларининг камайиши ва инфляциянинг ортишини ҳам айтган.

Вазир ўринбосари Алексей Ведевга кўра, бунга ғарбнинг жазо чоралари ва сармоядорларнинг иккиланишлари сабаб.

Аммо унинг сўзларига кўра, 2016 йилга келиб, Россия иқтисодининг яна ўса бошлаши кутилади.

Жаноб Ведевнинг айтишича, Россия иқтисодидаги муаммолар фақат тушиб бораётган нефт нархлари-ю жазо чоралари билангина боғлиқ эмас.

Унга кўра, мамлакат иқтисодидаги тузилмавий муаммолар ҳам ҳозирги тушишга ҳисса қўшмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ